Давлатларнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъий назар, бугунги кунда коррупция бутун дунёнинг кенг кўламли долзарб муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Коррупциянинг авж олиши оқибатида давлатга солиқ тушумлари камаяди, давлат хизматларидан фойдаланиш қийинлашади, моддий ресурсларнинг хусусий сектордаги тақсимоти кўзбўямачилик билан амалга оширилади ва мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ёмонлашади. Бундан ҳам ёмони, коррупция хорижий сармоядорларнинг инвестиция киритмаслигига сабаб бўлиб, халқаро ҳамжамиятда давлат тўғрисида салбий тасаввурларни юзага келтиради.
Шу боис, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш учун вазирлигимиз томонидан изчил ишлар олиб борилаяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган раҳбар-ходимларнинг коррупцияга оид ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиляпти.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида вазирликда буйруқ қабул қилиниб, янги тартиб-таомиллар ўрнатилди. Бунда ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида мақсадли индикаторларнинг бажарилиши бўйича аниқланган коррупцияга шароит яратувчи омилларни баҳолаш ва бошқа муаммоли ҳолатларни таҳлил қилиш, вазирлик тасарруфидаги тизим ташкилоти раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатини кўрсатувчи хатти-ҳаракатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини баҳолаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлигини ўрганиш, тавсиялар ишлаб чиқиш ва бошқа чора-тадбирлар белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш ҳам режалаштирилган.
Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциявий хатарларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Ҳужжатда 29 та банд бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Хусусан, сув хўжалигида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом, коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича регламент каби ички ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
Вазирлик марказий аппарати Ички аудит ва комплаенс назорат бошқармасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти такомиллаштирилиб, бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар ҳар чорак якуни бўйича ҳайъат йиғилишларида ва Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши йўлга қўйилади.
Бир сўз билан айтганда, вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари олдига коррупцияни таг-томири билан қўпориб ташлаш, ушбу иллатга бутунлай барҳам бериш вазифаси қўйилган.
Х.Умирзоқов,
Ички аудит ва комплаенс назорат
бошқармаси бошлиғи