Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ҳудудлардаги сув хўжалиги объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Маълумки, Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманида бўлиб, туманда сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Амударё” дарёсининг ПК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш қувватига эга насос агрегатларини ўрнатиш бўйича топшириқ берган эдилар.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Бўзатов туманида насос агрегатларини қуриш борасидаги топшириқ ижросини таъминлашни алоҳида назоратга олган. Хусусан, 19–21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлган кунлари ҳам мазкур насос станцияси қурилиши билан танишган эди.
Бугун вазир Ш.Хамраев Қорақалпоғистондаги ишларини яна мазкур насос агрегатларининг қурилиш жараёнлари билан танишишдан бошлади. Бир ой олдин берилган топшириқлар ижросини жойида ўрганди. Масъулларга мазкур қурилиш объектининг Бўзатов туманини кафолатли сув билан таъминлаш борасидаги аҳамиятини яна бир бор тушунтириб, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва сифатли амалга ошириш борасида кўрсатмалар берди.
Тадбир доирасида вазир Ш.Хамраев Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири лавозимини вақтинча бажарувчи Б.Жузбаев, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаевлар ҳамроҳлигида бир гуруҳ бўзатовлик нуронийлар билан ҳам учрашди. Нуронийлар туманни сув билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан мамнун эканликларини айтиб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган эзгу ишга бош-қош бўлаётганларга миннатдорлик билдирдилар. Кекса отахонлар дарёмизда сув мўл бўлишини ҳамда қилинаётган эзгу ишлар самарали якун топиб, сувчи ва қурувчиларнинг юзи-ёруғ бўлишини, тез кунда ариқлари тўлиб сув оқишини Яратгандан сўраб, дуога қўл очдилар.
Олдин хабар берганимиздек, Бўзатов туманида янги насос станцияси қурилиши “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” ДМ буюртмаси асосида “Бунёдкор Мерос” МЧЖ пудрат корхонаси томонидан олиб борилмоқда.
Насос станцияси учун 10 Кв электр узатиш линиясини қуриш ва ТМГ-1000/10/6кВа типидаги ажратиш блокини ўрнатиш ишлари амалга оширилди. 3 та насос агрегати ҳамда двигателлар тўлиқ ўрнатилди. Аванкамера қурилиб, насоснинг сув олувчи ва сув чиқарувчи қувурлари монтаж қилинди. Каналнинг тубида (дно) 70 метрлик бетонлаш ишлари бажарилди. Акведукнинг бир нуқтасидаги қувури монтаж қилиниб, иккинчи қувурни монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур насос агрегатларини монтаж қилиш ишлари тез кунларда якунланиб, объектни жорий йилнинг март ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Объектда 2 дона экскаватор ва 1 дона бульдозер, 4 дона автосамосавал, 2 та миксер, 1 та каток ва бошқа техникалар ишламоқда. Объектда 30 нафарга яқин ишчи-ходимлар қурилиш-монтаж ишларини икки сменада олиб борилмоқда. Пудратчи ташкилотга Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг 15 нафар ишчи-ходимлари яқиндан ёрдам беришаяпти.
Мазкур насос агрегатлари ишга туширилиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги “Эркиндарё” хўжаликлараро канали бўйида жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 гектар томорқа майдонлари, 50 тадан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг гектар экин майдонлари, 3,5 минг гектар яйлов майдонларини суғориш ҳамда “Бўзатов” аҳоли пункти, “Қусхонатов” ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан ҳамда ҳудуддаги чорва молларини сув билан таъминлашдаги муаммолар бартараф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг Оролбўйи ҳудудининг сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган тадбирларни ўрганиши давом этмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби