Жорий йилнинг 23 февраль куни Сув хўжалиги вазирлигида Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори ўринбосари Хелена Маклеод бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
GGGI халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июнь куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган.
Ташкилотнинг мақсади – иқлим ўзгариши шароитларида тараққий этган ҳамда бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш йўли орқали барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда институт дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга ошириб келмоқда.
GGGI Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани илгари сурмоқда. Умумий қиймати 5,65 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Ундан кўзланган мақсад – Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдир.
Учрашув чоғида Глобал яшил ўсиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Аарон Рассел лойиҳа доирасида амалга оширилиши мўлжалланган режалар ҳақида гапириб берди.
– Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва стратегияси билан танишиб чиқдим. Ушбу ҳужжатлар яқин истиқболда мамлакатингиз сув хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган ислоҳотлар кўламини тасаввур этиш имконини беради, – деди у.
Учрашув якунида Сув хўжалиги вазирлиги ва Глобал яшил ўсиш институти ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш, мутахассислар иштирокида мулоқотларни давом эттришга келишиб олинди.
Матбуот хизмати