Белгиланган сув олиш лимитларидан тежаб фойдаланган, сувни иқтисод қилувчи суғориш
технологияларини жорий қилган сув истеъмолчиларини рағбатлантириш ҳамда сув олиш
тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш чораларини кўриш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
“Янги Ўзбекистон Стратегияси” китобидан
Мамлакатимиз аҳолисининг деярли 60 фоизи қишлоқ жойларда яшайди. Улардан аксариятининг тирикчилиги, даромади, умуман, республика аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи бевосита қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалигини эса сувсиз тасаввур этиш қийин.
Шу маънода, сув барча фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини таъминловчи неъмат десак муболаға эмас. Сувчиларимиз оби ҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Дунё бўйича ҳароратнинг исиши, иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар таъсирида бизнинг минтақамизда ҳам сув ресурсларининг йилдан йилга тақчиллиги сезила бошлади. Шу туфайли сув ресурсларини самарали бошқариш, ундан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш долзарб масалага айланган.
Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида сўнгги йилларда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан сув хўжалиги масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилгани трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни самарали ҳал этиш имконини бераяпти. Натижада барча қўшни давлатлар билан сувдан фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама шартнома ва келишувлар янгиланмоқда.
Минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига сув танқис йилларда ҳам оби ҳаётдан белгиланган лимит асосида адолатли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, 2021 йилнинг баҳорида ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурслари ҳар йилгидан 25–30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга йил давомида 44 млрд. м3, суғориш мавсумида 32,6 млрд. м3 сув етказиб берилди.
Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тик қудуқларга 100 дона насос ҳамда коллектор тармоқларига 1172 дона дизель насоси ўрнатилиб, ер остидан 395 млн. м³ ва зовурлардан 784 млн. м³ сув олинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 352 минг гектар майдонга керакли миқдорда сув етказиб берилди.
Йил давомида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 10 млрд. м3, шу жумладан суғориш мавсумида 8 млрд. м3 сув иқтисод қилинди.
Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган. Бунда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган.
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. 2022 йилда 260 минг гектарда сувни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, 230 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш ҳамда 218 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазерли ускуна орқали текислаш белгиланган.
Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳисобига 308 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти ва 171 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 6610 та сув хўжалиги объектида замонавий рақамли технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 млрд. м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 млрд м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 млрд. м3 сувни иқтисод қилишга эришилади.
Ва албатта, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни суғориш учун ҳам сув етказиб берилиши таъминланади.
Бугунги кунда ушбу кўрсаткичларга эришиш мақсадида ҳар бир йўналиш юзасидан амалга ошириш механизмлари белгилаб олиниб, ишлар жадал олиб борилмоқда.
Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳозирга келиб Ўзбекистон сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дунёда 16-ўринга чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринда турибди. Шу боис, Ўзбекистон сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сувчиларимиз қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан ҳамжиҳатликда каналлар, ирригация тармоқларини тозалаш, реконструкция қилиш, бу йилги суғориш мавсумига тайёрлаш ишларини олиб боришмоқда. Мисол учун айтадиган бўлсак, Қирғизистон Республикасининг жанубидаги Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманлари далалари “Андижон” сув омборидан олинадиган сув билан суғорилади. Тешиктош гидроузелидан бошланадиган “Пахтаобод” каналининг 6,2 километр қисми Бозорқўрғон тумани ҳудудидан ўтган. Кузги-қишки мавсумдаги ишлар доирасида қирғизистонлик сувчилар ва деҳқонлар Пахтаобод каналининг ўзларига тегишли ҳудудини лойқадан тозалашди, сув тақсимлаш нуқталарини таъмирлашди.
Яқинда Жалолобод вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари М.Акматов раҳбарлигида ушбу вилоят сув хўжалиги ходимлари Хонобод шаҳрига келишди. Меҳмонлар “Андижон” сув омбори фаолияти ва “Ўнг қирғоқ” каналини мавсумга тайёрлаш ишлари билан танишдилар.
Аму-Бухоро машина канали ва Қарши магистрал каналига Амударёдан сув олиш, қўшни давлат ҳудудида жойлашган сув хўжалиги иншоотларини эксплуатация қилиш масаласида Туркманистон давлати сувчилари билан биргаликда ишлар олиб борилаяпти. Тожикистон, Қозоғистон сув хўжалиги ходимлари билан ҳамкорлик ҳақида ҳам шундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманида бўлиб, туманда сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Амударё” дарёсининг ПК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш қувватига эга насос агрегатларини ўрнатиш бўйича топшириқ берган эдилар. Шу кунларда ушбу насос агрегатлари ўрнатилди. Мазкур насос агрегатлари ишга туширилиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги “Эркиндарё” хўжаликлараро канали бўйида жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 гектар томорқа майдонлари, 50 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг гектар экин майдонлари, 3,5 минг гектар яйлов майдонларини суғориш ҳамда “Бўзатов” аҳоли пункти, “Қусхонатов” ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан, ҳудуддаги чорва молларини сув билан таъминлашдаги муаммолар бартараф этилади.
Куни кеча Бўзатов туманида бўлиб, бир гуруҳ нуронийлар билан учрашдик. Улар туманни сув билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан мамнун эканликларини айтиб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган эзгу ишга бош-қош бўлаётганларга миннатдорлик билдирдилар. Кекса отахонлар дарёмизда сув мўл бўлишини ҳамда қилинаётган эзгу ишлар самарали якун топиб, сувчи ва қурувчиларнинг юзи-ёруғ бўлишини, тез кунда ариқлари тўлиб сув оқишини Яратгандан сўраб, дуога қўл очдилар.
Мана бир неча йилдирки, давлатимиз томонидан сув тежовчи технологияларни жорий этганларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ҳам йўлга қўйилган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун 2022 йилда Давлат бюджетидан 1 182,4 млрд. сўм, шундан пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 935,0 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида туманлар кесимида кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари вакиллари учун кўргазмали амалий семинарлар ўтказилиб, сувни тедовчи суғориш технологияларини жорий қилган сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизмлари намунали фермерлар тажрибаси мисолида кўрсатиб берилаяпти. Мазкур тадбирларда сувни зовурга ташлаш хиёнат эканлиги, сув олиш тартибини бузганлик учун чора кўрилиши сув истеъмолчиларига тушунтирилаяпти.
Шу билан бирга, сув хўжалиги ходимлари учун вазирликнинг Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази мутахассислари ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган сайёр ўқув курслари ҳам ўтказилмоқда.
Ҳар йили суғориш мавсумида насос станциялари, каналлар, гидроузел ва бошқа сув иншоотлари тўлиқ қувват билан ишлайди. Суғориш мавсуми якунланганидан сўнг сувчилар барча иншоотларни таъмирлаш, тиклашга киришадилар. Бу йил ҳам кузги-қишки мавсумда насос агрегатларини таъмирлаш, насос станцияларига электр энергияси ва сувнинг ҳисобини юритувчи қурилмаларни ўрнатиш, ирригация-мелиорация иншоотларини тозалаш, реконструкция қилиш, уларнинг бўйидаги рошларни текислаб, ерга ер қўшиш, экин майдонларини лазерли текислаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.
Мухтасар айтганда, вазирлигимиз сув танқислигини юмшатиш, сувни тежаш ҳамда унинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланиш чора-тадбирларига аллақачон киришган.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди