Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан замонавий сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва экин майдонларини лазерли текислашни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вазирлик матбуот хизматининг ОАВ учун расмий ахбороти
Сув – ҳаёт манбаи. Борлиқдаги бутун жонзотлар ҳаёти, уларнинг озиқ-овқат таъминоти сув билан боғлиқ, десак муболаға эмас. Шу боис, юртимизда сувни тежаш, қишлоқ хўжалигида суғориш учун ишлатиладиган сувдан самарали фойдаланиш, экинлардан юқори ҳосил олиб, ҳам аҳолининг даромадини ошириш ва иқтисодиётни юксалтириш, ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадларини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказиш ташаббусини илгари сурган эдилар.
Айнан ушбу вазифа Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги
ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган.
Давлат дастурида белгиланган 30-мақсад қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали 2022 йилда даромадни камида 25 фоизга оширишга қаратилган. Бунда, амалга ошириш механизмлари сифатида замонавий сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳисобига пахта ва дон ҳосилдорлигини гектаридан 7-10 центнерга ошириш, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонларида лазерли текислашни жорий қилиш ҳисобига
20-25 фоиз сувни иқтисод қилиш ва қўшимча 5-6 центнер ҳосил олиш бўйича Сув хўжалиги вазирлигига ҳам вазифалар белгиланган.
Вазирлик томонидан 2022 йил 22 февралда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳамда сув хўжалиги объектларига рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сув ресурсларини тежаш юзасидан амалий чора-тадбирлар тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилда жами 260 минг гектар майдонда сув тежайдиган суғориш технологияларини татбиқ этишнинг ҳудудлар кесимидаги прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда бу борада жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, алоқадор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тежамкор суғориш технологияларини жорий қилишнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, кредит ва пудрат шартномаларини расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Тезкор маълумотларга қараганда, айни пайтга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан жами 206,1 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича тижорат банклари билан кредит шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, 31,5 минг гектар майдонда қурилиш монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Суғориладиган экин майдонининг текис бўлиши экин даласининг барча қисмларини бир текис намлаш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уруғларни бир текис ундириш, экинни озиқ моддалар билан бир хил таъминлаш ва уларни бир текис ривожлантириш, суғоришга ишлатиладиган сувни тежаш, унинг самарадорлигини ва экинлар ҳосилдорлигини ҳамда иқтисодий самарадорликни ошириш имкониятларини яратади.
Шу маънода, кейинги йилларда республикамизда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазерли текислашга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 200,9 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Жорий йилда 218 минг гектар экин майдонларининг лазерли ускуна ёрдамида текислаш режалаштирилган. Бу борада жойларда ишлар уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Матбуот хизмати