Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев соҳада олиб борилаётган ишлар ва суғориш мавсумига тайёргарлик борасида Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мобайнида 2022 йил 1 март куни Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бир гуруҳ сувчи ёшлар билан учрашув ўтказди.
Бугунги кунда вилоят сув хўжалиги ташкилотларида 30 ёшгача бўлган жами 394 нафар йигит-қиз фаолият олиб бормоқда. Уларга шароитлар яратиб бериш, муаммоларига ечим топиш раҳбариятнинг доимий эътиборида.
Мулоқот чоғида вазир Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, бу жараёнда соҳа мутахассисларининг, айниқса, ёш кадрларнинг иштироки, уларнинг касбий ва илмий салоҳияти муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.
Сувчилик шарафли, шу билан бирга масъулияти ва машаққатли касб. Бу номга эга бўлиш учун киши ҳалол ва фидоийлик билан меҳнат қилмоғи лозим. Бунда эса катта ҳаётий тажрибага эга бўлган фахрий сувчиларнинг меҳнат фаолияти ёшлар учун ибрат мактаби бўлиши алоҳида эътироф этилди.
Учрашув давомида тизимда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар, хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бунинг учун корхона ва ташкилотларда ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш орқали қўшимча даромад манбаларни яратиш юзасидан мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, ёш мутахассисларнинг малакасини узвий ошириб бориш, илмий тадқиқотларга қизиқувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларини мунтазам ташкил этиш масалалари ҳам мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.
– Учрашувда вазиримизнинг бизга берган қимматли маслаҳатлари, ўгитлари ва эътиборлари барчамизга ўзгача мотивация берди, – дейди Аму-Қашқадарё ИТҲБнинг ёшлар етакчиси Феруз Хушвақтов. – Яна бир эътиборли жиҳати, тадбир давомида биз ёшлар томонидан билдирилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар вазир томонидан маъқулланди.
– Ёшларимизнинг фаоллигини, ташаббускорлигини кўришни жуда-жуда ҳам хоҳлардим, – деди самимий суҳбат чоғида вазир. – Чунки, биз янгича фикрлайдиган, тинмай изланадиган, шижоатли ёшларимизга ишонамиз, суянамиз. Шундай экан, маррани юқори қўйинг!
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида ёшлар мавзу юзасидан ўзларининг қизиқтирган барча саволларига тўлақонли жавоблар олишди.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуотхизмати