Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев “Талимаржон” сув омборида амалга оширилаётган ишлар, сув тўплаш ҳолати, шунингдек, сув омборига сув ташловчи Қарши насос станциялар каскадининг 7-насос станцияси ҳамда насос агрегатларининг эҳтиёт қисмлари таъмирланадиган устахона фаолияти билан танишди.
Даставвал, сув омборида ўтган йилгига нисбатан анча кўп сув жамғарилганлиги таъкидланиб, сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, ундан самарали фойдаланиш ва бу йилги суғориш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумот учун: “Таллимаржон” сув омбори 1965–1973 йилларда қурилган. 1977 йилда қисман, 1985 йилда тўлиқ ишга туширилган. Сув омбори Амударёдан сув олувчи Қарши магистрал канали суви билан кузги-қишки мавсумда 6 ой давомида тўлдирилади.
“Таллимаржон” сув омбори Нишон, Қарши, Касби, Миришкор, Муборак, Косон ва Ғузор туманларидаги 390 минг гектардан зиёд майдонларга суғориш суви, шунингдек, саноат ва энергетика корхоналарига техник сув етказиб бериш учун хизмат қилади.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот хизмати