Юртимизда ёшариш ва янгиланиш фасли баҳор байрамлар билан бошланади. Улардан энг нафосатлиси 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамидир. Ушбу айём муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида тантанали тадбир ўтказилди.
Бугунги кунда вазирлик тизимида 33 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади. Уларнинг тахминан 10 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Сув хўжалиги соҳасининг ўзига хос машаққатлари, суғориш мавсумида тунги вақтларда ҳам ишлашга тўғри келиши ва бошқа омиллар туфайли кўпроқ эркаклар ушбу соҳада банд.
Бироқ, аёлларнинг меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилгани, уларга эътибор қаратилаётгани туфайли сўнгги йилларда сув хўжалигида ҳам хотин-қизларнинг сони ортмоқда. Маълумотларга кўра, 2018 йилда вазирлик ташкил этилганидан буён ўтган 4 йил давомида 17 нафар хотин-қиз Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланган.
Бўлиб ўтган тадбирда вазирлик тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини ошириш, уларга имтиёзлар яратиш тўғрисида сўз борди.
Вазирлик марказий аппаратида меҳнат қилаётган хотин-қизларга совғалар улашилди.
Матбуот хизмати