2022 йил 7 март куни Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги Бош директори Патрици Данци бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаровнинг мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, соҳани ривожлантириш Концепцияси ва Стратегияси доирасида бажарилаётган ишлар таҳлилига бағишланган тақдимоти тингланди.
– Швейцария конфедерацияси қарийб 30 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келади, – деди Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги Бош директори Патрици Данци. – Дастлабки лойиҳаларимиз сув хўжалиги соҳаси билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Ҳозирги кунга келиб ҳамкорлигимиз кўлами кенгайганлиги ҳам ўзаро муносабатларимизда сув хўжалиги нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини англатади. Айни пайтда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Марказий Осиё минтақасида амалга ошираётган дастурларида сув муҳим 3 та йўналишдан бири ҳисобланади. Фойдаланиладиган сув ресурсларининг 80 фоизи ўз ҳудудидан ташқарида шаклланадиган Ўзбекистоннинг қўшни республикалар билан айнан сув хўжалиги соҳасида олиб бораётган ҳамкорлиги таҳсинга сазовор.
Айтиш жоизки, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан ҳозирга қадар сув ресурсларини бошқариш бўйича 5 та минтақавий, 3 та миллий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган. Мисол учун, 2016–2019 йилларда амалга оширилган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” кутилган самарани берди. Сув ресурсларини шаффоф ва истеъмолчиларнинг эҳтиёжларига асосланган ҳолда бошқариш бўйича амалий натижаларга эришилди.
Шу боис, Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария ҳукумати номидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ўртасида 2020–2023 йилларда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг II босқичини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Кейинги босқичда лойиҳа олдига Ўзбекистонда сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга кўмаклашиш мақсад қилиб қўйилди. Шу билан бирга, лойиҳа ахборот ва коммуникация технологияларини Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туман ирригация бўлимлари, Сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда фермерларнинг кундалик фаолиятига жорий этиш орқали уларга керакли билимларни олиш, маълумот йиғиш ва реал вақт режимида ахборот алмашиш учун қулай шароитлар яратишга асосланган.
2021 йилда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси, II босқич” доирасида қатор амалий натижаларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишда дунёнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда техник кўмак кўрсатилди. Республика бўйича 156 та туман ирригация бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун молиявий маблағ ажратилди.
Сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги 9 та касб-ҳунар коллежларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича янги ўқув модуллари ишлаб чиқилди. Сув хўжалиги соҳасига рақамлаштириш, автоматика, сув ҳисоб-китобини онлайн юритиш ва бошқа ахборот-коммуникацион технологияларни жорий қилиш, махсус дастурий таъминотлар ишлаб чиқишда кўмаклашилди.
Сув тежамкорлиги масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида яратилган “ТОМЧИ” мобил иловасининг имкониятлари кенгайтирилди. Ижтимоий тармоқда очилган “ТОМЧИ” саҳифаси орқали минглаб фермерлар ва томорқа ер эгаларига сув тежовчи технологияларни жорий этишда ёрдамлашилди, уларнинг муаммоларига мутахассисларни ва сув хўжалиги ходимларини жалб этган ҳолда ечим топилди.
Лойиҳа доирасида барча ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва туман ирригация бўлимларининг сув тежовчи технологиялар бўйича мутахассислари учун ўқув семинарлар ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида фермерлар ва сув хўжалиги ташкилотларининг сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишига эришиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Учрашувда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан амалга оширилиши кутилаётган истиқболдаги “Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлимга чидамли сув ресурсларини интеграл бошқариш” лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.
Матбуот хизмати