Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти жамоаси ҳамда докторантлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда доктoрантларга мавзуларни танлашда сув хўжалиги соҳасидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратиш кераклиги, танлаб олинган мавзулар бўйича қилинаётган ишларнинг долзарблигини кўрсатиб бериш, илм билан амалиётни бир-бирига узвий боғлаш ҳамда мазкур танлаб олинган мавзулар орқали ишлаб чиқиладиган лойиҳаларни тижоратлаштириш бўйича вазирликка таклифлар киритиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, докторантларни қийнаб келаётган муаммолари муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида институтнинг таянч докторанти Д.Қодировнинг 05.09.06 – Гидротехника ва мелиорация қурилиши ихтисослиги бўйича “Сув омбори иншоотларига кўчки хавфи таъсирини баҳолаш усулларини такомиллаштириш (Оҳангарон сув омбори мисолида)” мавзусидаги техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ишини муҳокама қилинди. Тадқиқотчининг диссертацияси сув омборида қирғоқлар кўчиши ҳодисаларини кузатиш уларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг кўчиш тезлигини қайд этиш, кўчкига таъсир этувчи ташқи кучларнинг даврий ўзгарувчанлигини таҳлил қилиш, ўз вақтида олдини олиш бўйича зарурий тадбирларни амалга ошириш, сув омбори иншоотларга кўчки хавфи таъсирини баҳолаш ва шу билан бирга сув омборидан фойдаланишда иншоотларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбир ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Докторант изланишлари туфайли олинадиган натижалар сув омборидан фойдаланишда иншоотларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш, иншоотлар хизмат даврини узайтириш муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Докторант А.Долидудконинг 06.01.02 – Мелиорация ва суғорма деҳқончилик ихтисослиги бўйича олиб бораётган “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда коллектордан фойдаланиш ишончлилигини ошириш усуллари (Сирдарё вилояти мисолида)” мавзусидаги техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация иши бўйича маъруза қилди. Диссертация ишининг долзарблиги шундаки, Сирдарё вилояти ҳудудида коллектор-зовур тармоқларининг ишончлилигини ошириш, суғориладиган майдонларда сув-туз баланси тенгламаларини ечиш ва математик моделлаштириш усулларидан, эмпирик умумлаштириш ҳамда математик статистика усулларидан фойдаланиланиш диссертация иши долзарб сув ресурсларини бошқаришга оид илмий техник муаммоларга бағишланган.
Учрашувда таъкидландики, вазирлик томонидан 2022 йилда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари бўйича 4,3 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 2,61 млрд. сўми республика бюджетидан ажратилади.
Шу билан бирга, докторантларнинг тасдиқланган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари бўйича олиб бораётган фаолиятларижумладан, ёпиқ горизонтал дренаж қувурларни ювиб тозаловчи қурилманинг техника ва технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда ғўзани томчилатиб суғоришда вертикал қудуқлар сувидан фойдаланиш ерларнинг мелиоратив ҳолатига таъсирини илмий асослаш мавзулар кенг муҳокама қилинди.
Матбуот хизмати