2022 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазири, маслаҳатчиси ва вазир ўринбосарларлари, вазирлик марказий аппаратининг бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқлари, ZOOM платформаси орқали ҳудудий студиялардан жойлардаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилишига раислик қилган Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан вазирликка юклатилган вазифа ва функциялар ижроси муҳокама қилинди. Бу борада эришилган натижалар билан бирга, айрим камчиликларга йўл қўйилгани жиддий танқид қилинди.
Хусусан, 2022 йилда 174,7 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича тижорат банклари билан кредит шартномалари расмийлаштирилган бўлсада, бугунги кунда 148,3 минг гектар ёки бор-йўғи 15,0 фоиз майдон молиялаштирилган. Навоий ва Тошкент вилоятларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича молиялаштириш ишларига ҳали киришилмаган.
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича Жиззах вилоятида 3 340 гектар (67,0 фоиз), Сурхондарё вилоятида 1 226 гектар (49,0 фоиз), Бухоро вилоятида 3 841 гектар (41,0 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 308 гектар (40,0 фоиз) ҳамда Самарқанд вилоятида 464 гектар (14,0 фоиз) майдонда қурилиш ишлари бошланмаган.
Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида эса ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича молиялаштириш ишларига умуман киришилмаган.
Вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппаратининг бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туман ирригация бўлимлари томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Сувни тежовчи технологияларни жорий этишда ўтган йили йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик, технология жорий этиладиган экин майдонларининг узлуксиз электр энергияси ва сув билан таъминлаш имкони мавжудлигини инобатга олиш, “Бир канал – бир тизим” тамойили асосида ишларни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам вазирлик ва тизим ташкилотларида ишлар бошланган. Қарор талабларидан келиб чиқиб, истеъмолчилар ва туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланаётганлиги соҳа ходимлари олдига катта масъулият юклаши айтиб ўтилди.
Муҳокамалар чоғида мазкур қарор ижросини таъминлаш, қуйи бўғинда сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлақонли юритиш, сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнларга хусусий секторни кенг жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмас деб топилди.
Йиғилишда барча суғориш тармоқлари, шу жумладан, вилоятлараро ва магистрал каналлар, ирригация тизимлари, ички хўжалик суғориш тармоқлари, насос станциялари, суғориш ва мелиоратив қудуқларни 2022 йил вегетация мавсумига тайёрлаш масалалари танқидий кўриб чиқилди. Тизимдаги деярли барча ташкилотлар суғориш мавсумига тайёргарликни якунига етказган. Аммо, тадбирларни ўз вақтида бажармаган, қолоқликка йўл қўйган ташкилотлар ҳам бор. Мисол учун, ирригация тармоқларини тозалаш ишлари Мўйноқ тумани ирригация бўлими томонидан 35,0 фоизга, Тахтакўпир тумани ирригация бўлими томонидан 30,0 фоизга бажарилган. Гидротехника иншоотларини таъмирлаш “Қуанишжарма” ирригация тизими бошқармаси томонидан 50,0 фоизга, Қораўзак ва Қўнғирот туман ирригация бўлимлари томонидан 46,0 фоизга, Тахиатош туман ирригация бўлими томонидан 33,0 фоизга ҳамда Шуманай туман ирригация бўлими томонидан 20,0 фоизга бажарилган. Йиғилишда масъулларга ирригация тармоқларини тозалаш ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишларини бир ҳафта муддатда тўлиқ якунлаш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2022 йил 15 мартдаги 11/1-22-238-сонли ахборотида кўрсатиб ўтилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалалар ҳам танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Ҳудудий бошқармалар матбуот хизматлари ишини такомиллаштириш, сув хўжалиги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.
Ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Матбуот хизмати
Матбуот хизмати