Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 март куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 апрелдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз сув хўжалиги тизимини янада ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни қўллашни янада кенгайтирган ҳолда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга қаратилган тарихий ҳужжатлар бўлди.
Хоразм вилоятида мазкур қарорларда белгилаб берилган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 апрелдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вазирликнинг буйруғи 21 апрелда, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг буйруғи 25 апрелда қабул қилиниб, туманларга юборилган. Қарор ижросини таъминлаш, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар билан қизиққанимизда, аксарият туман ирригация бўлимларининг бу борадаги буйруғи ўз вақтида қабул қилинмаганлиги, Сув хўжалиги махсус хизматининг вазифалари аниқ белгилаб қўйилмаганлиги аниқланди. Хизмат бошлиғи лавозимига тайинланган ва бошқа мутахассис-ходимлар ўз вазифаси нималардан иборат эканлиги хусусида етарлича тасаввурга эга эмас. Суҳбатлашиш асносида, тизимда меҳнат қилаётган аксарият мутахассис-ходимларнинг ўз вазифасига бўлган ёндашувини тамоман ўзгартириш, уларнинг малакасини, билим ва кўникмаларини юксалтириш юзасидан тизимли ишлар амалга ошириш кераклиги маълум бўлди.
Янгибозор тумани ирригация бўлимида 28 апрель куни бўлганимизда, Сув хўжалиги махсус хизматини ташкил этиш бўйича буйруқ ҳанузгача қабул қилинмаганлиги, фақатгина махсус хизмат бошлиғини лавозимга тайинлаш бўйича буйруқ қабул қилинганлигига гувоҳ бўлдик.
Туман бош гидрометри лавозимида Янгибозор саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган Ф.Сапаев 2 йилдан буён ишлаб келмоқда. Ундан туман чегарасида неча куб сув борлиги, ғалла нечанчи бор суғорилаётганлиги, экинларни суғориш меъёрлари ҳақида сўралганда, аниқ жавоб беролмади. У 2 йилдан бери бирор маротаба ҳам сув ўлчашга чиқмаганлигини тан олди. Бундан ташқари, диспетчер лавозимида фақат бир киши – Р.Қуролбоев ҳар куни (якшанба куни ҳам) соат эрталабки 7:00 дан 19:00 га қадар ишлайди. Тунги сменада ҳеч ким диспетчерлик қилмайди.
Бу йил вилоятда 19 минг 238 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган бўлиб, шундан 17026 гектар, шу жумладан, 13200 гектар пахта майдонида томчилатиб, 2132 гектар, шу жумладан, 2000 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб, 80 гектар майдонда дискретли суғориш тизимларини жорий этиш белгиланган.
Вилоятда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича 28 апрель ҳолатидаги маълумотга кўра, 14328 гектар майдонга жорий этиш бўйича умумий миқдори 358 миллион 190 минг сўмлик 103 та шартнома имзоланган. Шу кунга қадар қурувчи-пудратчи ташкилотлар – “Silver Drip” МЧЖ томонидан Боғот, Хонқа ва Гурлан туманларида 1 тадан, “Аmu gulshani” МЧЖ томонидан Хива туманида 1 та, “Master bilding produkts” МЧЖ томонидан Қўшкўпир туманида 1 та, “Omad start” МЧЖ томонидан Тупроққалъа туманида 1 та, “Yanagrosistem” МЧЖ томонидан Янгибозор туманида 1 та, жами 7 та лойиҳа бўйича 9 минг 890 гектар майдон учун 247 млрд. 250 млн. сўм кредит ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бундан ташқари, вилоят бўйича 5 минг 563 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун 67 миллиард 818 млн. сўм молиялаштирилган.
Технологияни жорий этиш борасидаги ишлар оқсаётганлигини шу кунгача 2928 гектар майдон учун атиги 119 та ҳовуз қазилганлиги ҳам исботлаб турибди. Ғўзани суғоришга оз муддат қолган бўлса-да, “Silver Drip” МЧЖ томонидан Боғот туманида 141 гектар майдон учун 6 та, Хонқа туманида 245 гектар майдон учун 12 та, Гурлан туманида 130 гектар майдон учун 6 та, “Omad start” МЧЖ томонидан Тупроққалъа туманида 205 гектар майдон учун 13 та, “Навоий механизм сервис” хусусий корхонаси томонидан Урганч туманида 130 гектар майдон учун 5 та насос фильтрлар ўрнатилган, холос. Лекин уларнинг барчасини ҳам суғориш ишларини бошлашга тайёр деб бўлмайди.
Жумладан, Урганч туманининг “Беговот-Қулобод” ҳудудидаги “Урганч халқ нурафшон” МЧЖ кластерининг томчилатиб суғориш технологияси жорий этиладиган 130 гектар пахта майдонлари учун ҳовуз қазилиб, геомембрана ётқизилган, трансформатор ўрнатилган. Насос фильтрлар олиб келиб қўйилган. Қувурларни монтаж қилиш ишлари бошланмаган.
Шунингдек, туманнинг “Юқори боғ Урганч” ҳудудидаги “Омад чорвадор” фермер хўжалигининг 24,5 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш тизими жорий қилиш учун фақат ҳовузлар қазилган, холос. Туманда “Навоий механизм сервис” хусусий корхонасига томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишда ҳамкорлик қилаётган туркиялик тадбиркор Исмат Пўлатнинг айтишича, туманда 1000 гектардан зиёд майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш бўйича буюртма олинган. Бунинг учун Туркиядан 1 миллион АҚШ долларлик ускуналар олиб келинган бўлса-да, шу пайтгача 400 минг долларлик маҳсулот учун ҳақ олган, холос. Банклар томонидан фермер хўжаликларига кредит ажратиш ишлари чўзилаётганлиги боис қолган маҳсулотларнинг пулини ололмаяпти. Шу боисдан ишлар тўхтаб қолган. Агар вазият шу зайлда давом этса, пахта майдонларига жорий йил учун томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш ишлари кечикади.
Бу борадаги ишлар Шовот туманида, айниқса, пайсалга солинмоқда. Туман мутасаддиларидан олинган маълумотларга кўра, бу йил 1292 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш режалаштирилган бўлса-да, ҳали ҳовуз қазиш ишлари бошланмаган. Туман фермер хўжаликлари билан шартнома тузган “Оnur Plast” корхонаси вакили Владислав Кимнинг айтишича, молиялаштириш очилгандан кейингина технологияни жорий этиш ишларига киришилади.
Бундай ҳолатга Янгибозор туманида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Шу пайтгача атиги 2 та ҳовуз қазилган, холос.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар жуда суст олиб борилаётир. Ҳолат шундай давом этса, вилоятда Президент қарорида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмасдан қолиши мумкин.
Умуман олганда, Хоразм вилоятида юқорида қайд этилган қарорлар ижросини таъминлашга етарлича эътибор берилмаяпти. Шу сабабли, вилоят сув хўжалиги ташкилотлари мутасаддилари бу борадаги вазифаларига жиддий ёндашиб, ишни тўғри ташкил этмасалар, эртага мулзам бўлиб қолишлари мумкин.
Матбуот хизмати