Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 мартдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 19 апрелдаги тегишли қарорларининг ижроси ўрганилмоқда.
Шу йилнинг 29-30 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси туманларида “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифалар бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Мазкур қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида жами 17 минг 422 га майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Шундан 15 минг 418 га майдонга томчилатиб, 1904 га майдонда ёмғирлатиб ҳамда 100 гектар майдонда дискретли суғориш тизимларини жорий қилиш белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйича 430 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари томонидан жами 19 минг 965 га майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 14 минг 905 га майдонда томчилатиб, 5060 га майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича қурувчи-пудрат корхоналари билан шартномалар расмийлаштирилган. Шундан 4913 га майдон молиялаштирилган.
Бугунги кунда молиялаштирилган майдонларда қурилиш ишлари бошланган бўлиб, 3223 га учун 139 та ҳовуз қазиш ишлари ва 688 га учун 23 та насос-фильтр қурилмаларини ўрнатиш ишлари амалга оширилган.
Ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича талабгорлар билан қурувчи корхоналар ўртасида 1904 га ғалла майдонлари учун пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, шундан 1136 га майдон молиялаштирилган.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 11 та пахта-тўқимачилик кластерларига ўз маблағлари ҳисобидан 5 минг га майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш белгиланган.
Ўрганишларга кўра, Амударё туманидаги “Amudaryotex” МЧЖ, Тахиатош туманидаги “Taqiatas tex” МЧЖ, Шуманай туманидаги “Agro Shumanay Klaster” МЧЖ, Нукус туманидаги “Nukus agro Klaster” МЧЖ ҳамда Кегейли ва Чимбой туманларидаги “Kegeyli Chimboy Agroklaster”МЧЖлари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ҳеч қандай молиялаштириш ишлари бажарилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 19 апрелдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари ирригация бўлимларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг буйруғи 21 апрелда, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг буйруғи эса бирмунча кечикиб – 27 апрелда қабул қилинган. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги махсус хизмати бошлиғи лавозимига муҳандис-гидротехник мутахассислигига эга П.Бекманов тайинланган. Шунингдек, вазирликнинг тегишли буйруғига асосан барча туманлар сув хўжалиги махсус хизматлари бошлиқлари лавозимига тайинланган. Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан П.Бекмановга туманлар сув хўжалиги махсус хизматлари фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш, ходимларни ўқитиш ишларини ташкил қилиш, уларга вазифа ва мажбуриятларини тушунтириш, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларига намунавий гидропостларни ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.
28 апрель куни Беруний тумани ирригация бўлимида қарор ижросини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишилганда, Сув хўжалиги вазирлигининг 56-сонли буйруғи чиқарилган бўлса-да, электрон почтадан вақтида қабул қилиб олмаганлиги маълум бўлди. Шу боис Беруний ТИБнинг махсус хизматни ташкил этиш бўйича буйруғи қабул қилинмаган. Туман махсус хизмати бошлиғи лавозимига М.Каримов тайинланган бўлиб, мутахассислиги – муҳандис-технолог. Қарорда белгиланган бошқа вазифалар ижросига киришилмаган.
Сув хўжалиги тизим ташкилотларида махсус хизмат фаолиятини ташкил қилиш борасидаги ҳужжатлаштириш ва бошқа ишларни ташкил этиш билан боғлиқ камчиликлар Элликқалъа ва Тўрткўл туманларида ҳам кўзга ташланади. Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор талабларига эътиборсизлик, ижросини таъминламаслик сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлақонли юритиш, сув истеъмолчилари билан муносабатни тўғри йўлга қўйишда мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлақонли бажаришга барча масъулият билан ёндашиши зарур.
Матбуот хизмати