Жиззах бош насос станцияси бошқармасига қарашли насослар ёрдамида “Марказий Мирзачўл” канали орқали оқиб келаётган сув 40 метр баландликка кўтарилиб, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларининг 112 минг гектар экинзорларига етказиб берилади.
Бир пайтлар зим-зиё чўл бўлган, бугун эса, инсон қўли билан обод ва фаровон масканга айланган кенг ва катта ҳудудда юз минглаб аҳоли умргузаронлик қилмоқда. Ғалла, пахта, такрорий экинлардан мўл ҳосил олинаётир, чорва моллари учун тўйимли озуқа етиштириляпти.
Бошқарма тасарруфида бўлган замонавий ва қудратли механизмларнинг бекаму-кўст ишлашини таъминлаш 350 нафардан ортиқ малакали ишчи-мутахассислар зиммасига юкланган. Уларнинг аксарияти кечани кеча, кундузни кундуз демай, йил – ўн икки ой давомида рўзғоридан олисда, оромдан, тантана, тўйи-маъракалардан кечиб, смена асосида ишлайди.
– Кўз тегмасин, жамоамиз аҳил ва иноқ, – дейди бошқарма бошлиғи Анорбой Қулатов. – Тажрибали, кўпни кўрган, ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларимиз етарли. Умидли ёшларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ишимизда барака бўлиши учун сафимизга билимли, уқувли, зиммасига юкланган вазифани сидқидилдан бажаришга тайёр кадрларни саралаб олганмиз.
Айтиш керакки, бошқарма раҳбариятининг худди шу масала – меҳнат жамоасига энг муносиб номзодларни танлаб, ишга қабул қилиш борасида кўнгли тўқ. Боиси, ушбу масъулиятли юмуш ўз лавозимида қарийб 28 йилдан буён ишлаб келаётган малакали мутахассис Хусния Ўтамуродова зиммасига юкланган.
Дарров айтиш жоиз, Х.Ўтамуродова нафақат узоқ йиллик иш тажрибаси, балки тўғрисўзлиги, иш фаолиятида жорий тартиб қоидаларга амал қилишни ҳам ўзидан, ҳам бошқалардан қатъий талаб қилиши билан ҳамкасблари эътиборига тушган.
Одамлар ундан тортинмай йўл-йўриқ, маслаҳат сўрашади, қувонч ва ташвишларини баҳам кўришади. Энг муҳими, ҳеч ким унинг қаршисидан норози бўлиб, чиқиб кетмайди. Шу сабаб бўлса керак, бугун бутун вилоят бўйлаб опанинг ўгитини олиб иши юришган, муаммоси ҳал бўлган, муваффақият қозонганларни учратиш – оддий ҳолат...
– Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳайъатининг қарорига кўра, Хусния Ўтамуродованинг жорий йилда нуфузли “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазовор бўлгани бутун жамоамиз томонидан олқишлар билан кутиб олинди, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Низом Ўролов. – Опани нафақат жамоамиз, балки бутун Жиззах вилояти сувчилари самимий муборакбод этишди. Зеро, воҳамиз ҳудудларида у кишининг дуосини олган шогирдлар кўпчиликни ташкил қилади.
– Жамоамизда 40 нафарга яқин аёллар ишлаймиз, – дея фикр билдиради бошқарма ҳисобчиси Венера Камолова. – Хусния опа ҳаммамизнинг энг яқин одамимизга айланган. У нафақат кадрлар бўлими бошлиғи, балки хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ҳам чинакам етакчимиз. Ишхонадаги бу ёқда турсин, хонадонларимиздаги маъракаю-тадбирлар ҳам опасиз ўтмайди, ҳаммасида у киши бошу-қош...
Жиззах вилоятида Бўстон деб ном олган исми жисмига монанд чиройли шаҳарча бор. Жиззах чўлини ўзлаштирувчилар, сувчилар, ирригатор ва мелиораторлар маскани ҳисобланган ана шу манзил аҳли орасида ҳам лавҳамиз қаҳрамони Хусния опа, у бекаси ҳисобланган хонадон ўзига яраша эътибор қозонган. Бўстонликлар Ўтамуродовларни “зиёлилар оиласи”, деб ҳурмат қилишади. Оила соҳиби – Ёқуб ака шифокор, фарзандларнинг бири ҳуқуқшунос, икки нафари ота касбни танлаган. Хуллас, халқимиз таъбири билан айтганда – “гулдек оила...”
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати