Мамлакатимиздаги барча умумтаълим даргоҳларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактаб, меҳрибон устозлар билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Нукус шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюрди.
Мактаб фойесида ўқувчиларнинг ўзига-хос саломлашиши, яъни шеърий сатрлар ва қорақалпоқ миллий куй-қўшиқлари билан кутиб олиши меҳмонлар кайфиятини кўтариб юборди. Шавкат Рахимович ўзи билан бирга келган Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Адилбек Реимбаевни ўқувчиларга таништириб, самимий суҳбатлашди.
Меҳмонлар Президент мактаби директорининг ўринбосари Муҳаббат Шлимбетова ва ўқитувчи Ҳурлиман Абдижаббарова ҳамроҳлигида мактаб фаолияти ва ўқув хоналари билан танишиб чиқдилар.
Танишув давомида Сув хўжалиги вазири мактабнинг жорий йилги битирувчилари, бир неча давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинган Азизбек Курбанбаев, Собир Базаримбетов, Жавохир Тўраев ва Жасурбек Қуандиков каби фаол ўқувчилар билан шахсан танишиб, суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида уларнинг ҳали мактабни битирмасданоқ жаҳондаги энг нуфузли олий ўқув юртларининг бир нечтасига ўқишга қабул қилинганидан хурсанд бўлганини эътироф этган ҳолда уларнинг қайси ихтисосликни танлагани билан ҳам қизиқди. Ш.Хамраев ҳар бир ўқув хонасида мазкур фан билан боғлиқ ўзининг ва машҳур инсонларнинг таълим олиши ва ҳаётий воқеаларини гапириб берди.
Президент мактабининг фаоллар залида Вазир ва ўқувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ш.Хамраев бир неча фаол битирувчилардан қайси ихтисосликни танлаши ҳақида сўрагани, афсуски, улар орасида ҳозирча сув хўжалиги соҳасини танлагани учрамаганини айтди. Шунингдек, Оролбўйида бошқа ҳудудларга нисбатан сув хўжалигини ўрганадиган, чет элларда ўқиб, тажриба ошириб қайтган мутахассислар жуда зарур эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шунда залда ўтирган ўқувчилардан бири – Сурайё Эркинбаева сўз олиб, Президент мактабида айнан сув хўжалиги соҳасига қизиқадиган ўқувчилар борлигини ва ўзи ҳудудда сувни иқтисод қилиш бўйича ҳозирча кичик тарғибот лойиҳаси устида иш олиб бораётгани ҳақида гапирди. Шавкат Раҳимович Сурайёнинг "Everything is Water" мобил иловаси лойиҳаси билан яқиндан танишиб, уни янада такомиллаштириш учун тавсиялар берди.
-Тўғриси, мактабимизга ташриф буюрувчиларнинг ҳаммаси ҳам ўқувчиларимиз билан бу қадар очиқ ва самимий мулоқот қилавермас эди, - дейди Нукус шаҳридаги Президент мактабининг ўқитувчиси Хуморой Аширова. – Сув хўжалиги вазири 2 соатдан ортиқ вақт ўқувчилар билан мулоқот қилди ва айнан Қорақалпоғистон учун сувнинг қанчалик муҳим эканлигини тушунтириб берди. Вазир билан қилган очиқ мулоқотида ва берган саволларидан аён бўлдики, ўқувчилар орасида сув хўжалигига қизиқувчи иқтидорли ёшлар талайгина экан.
Эътиборлиси, Сув хўжалиги вазири кейинги ўқув мавсумида олимлар ва ўзи иштирокида Нукус шаҳридаги Президент мактабида сув хўжалиги йўналиши бўйича алоҳида тақдимот қилишини айтдилар. Ўйлаймизки, бу ўқувчиларимизни сув хўжалигига бўлган қизиқишини янада оширади ва Оролбўйи тараққиёти учун ҳаёт мамот масаласи бўлган сув муаммоларини ҳал қиладиган етук кадрлар етишиб чиқишига туртки бўлади.
Вазир ўқувчиларга сувни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни ташкил этиш борасида вазирлик томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Шу билан бирга, уларга сувни асраш оиладан бошланиши, ўқувчилар ҳам оби ҳаётни тежашга ҳисса қўшишлари лозимлиги тушунтирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Нукус шаҳридаги Президент мактаби директори Нурсулу Болтабаева билан кейинги ўқув йилида биргаликда амалга оширадиган тадбирлар ҳақида келишиб олди.
Тадбир якунида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев мактабнинг 10 нафар фаол ўқувчиларига китоблар ва ўқув қуроллари топширди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби