Амударё туманидаги “Полвон овул” фермер хўжалиги даласида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Сув хўжалиги вазирлиги, туманлар ҳокимлиги масъуллари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этган тадбирда ирригация бўлимлари таркибида сув хўжалигининг махсус хизматини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги 145-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 19 апрелдаги 196-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларга мувофиқ, ҳудудларда сув ресурсларини бошқариш ва сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган хизматлар ҳамда махсус хизмат ходимлари ишларни тўғри ва сифатли ташкил этиш учун тўланадиган маблағ, қўйингки, ушбу янги тизимнинг барча босқичлари ва олдинги тизимдан фарқи ва самарали жиҳатлари ҳақида батафсил, жуда содда тилда тушунтириб бердилар.
Сув хўжалигининг махсус хизматида ишловчи мироблар нима учун керак, айтайлик битта ҳудудда 10 та фермер бўлса, шунга битта мироб бўлади. У сувни ҳисобини юритишда ҳар бир фермер учун алоҳида журнал тутиб, ҳар кунлик олган сувни фермер билан имзолаган ҳолда ҳисобини юритиб боради. Бунинг учун фермер сув олиш қулоқларига сув ўлчаш имконини берувчи жиҳозлар ўрнатиши керак ва ундаги рейка кўрсаткичи бўйича эрталаб ва кечқурун 2 маротаба сувнинг миқдори ёзиб борилади.
Ушбу журналда агарда, навбатлаб суғориш ташкил этилиб, нечадир кун фермерга сув берилмаса, улар ҳам қайд этилиб борилади. Ойнинг охирида далолатнома тузилади. Шу тариқа олинган сув ҳисоби юритиб борилади ва якунда ушбу ҳужжатлар асосида солиқ идорасига ҳисобот киритилиб, сув истеъмолчиси олинган сув бўйича солиққа тортилади. Ана шунда сув истеъмолчиси ҳам фақат олган сувига, яъни умумий меъёр бўйича эмас, амалда олган сувигагина солиқ тўлашнинг механизми яратилади ва бу фермерлар учун ҳам манфаатли бўлади албатта, - деди Ш.Хамраев.
Тадбирда Амударё туманидаги махсус хизматга ишга қабул қилинган ва сув истеъмолчилари билан шартномалар тузишда фаоллик кўрсатган махсус хизмат сектор раҳбари Руслан Бекмуратовга мотороллер калити топширилди. Шунингдек, ҳудудлардаги фаол сувчиларга 10 та велосипед берилди.
Вазир Ш.Хамраев велосипедларни олаётган сувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг неча километр канал ва ариқлар бўйлаб ҳаракатланиши билан қизиқди. Масъулларга сувчи-миробларнинг ишини тўғри ташкил этиш ва сифатини ошириш мақсадида бу каби “от” яъни траспортларни кўпроқ ажратиш лозимлигини таъкидлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев, Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари Р.Саллаев ва бошқа масъуллар сўзга чиқиб, сув хўжалигида махсус хизмат ишларини ташкил этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни ҳудудлардаги масъуллар билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўришларини ҳамда бу борада туман ирригация бўлими раҳбарлари ўз ишларига бўлган масъулиятини янада оширишлари лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда фермер хўжалиги раҳбарлари ва сувчилар янги ташкил қилинаётган махсус хизмат бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби