“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида бу йил сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган. Бунда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 млрд. м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 млрд. м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 млрд. м3 сувни тежаш режалаштирилган.
2022 йилнинг 26 май ҳолатига жами 338,7 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича пудрат шартномалари ҳамда 221,8 минг гектар майдонда кредит шартномалари расмийлаштирилди.
Бугунги кунда 90,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 79,4 минг гектар майдонда томчилатиб, 11,3 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Давлат дастурида жорий йилда янги ва фойдаланишдан чиққан 129 минг гектар майдонни ўзлаштириш вазифаси белгиланган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда фойдаланишга киритиладиган 129,6 минг гектар майдонда етиштириладиган 1,5 млн тонна маҳсулотлар тури ва миқдорининг манзилли дастурлари ишлаб чиқилган. 19 май ҳолатига 21 минг 726 гектар шундан, 9 минг 315 гектар суғориладиган ва 12 минг 411 гектар лалми ва яйлов ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилган.
Президентимизнинг жорий йил 22 январда қабул қилинган “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-98-сонли қарори асосида 2022 йилда 206 та ирригация, 100 та мелиорация объектларида умумий қиймати 1,5 трлн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида 568,7 км канал, 125,9 км лоток тармоқлари, 71 та суғориш қудуғи, 200 млн. м3 сув омбори, 19,9 м3/сек. насос станциялари, 600 км очиқ, 276 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 101 та вертикал дренаж қудуғи, 62 та гидротехника иншоотида қуриш ва реконструкция ишлари бажарилади.
354 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти ва 150 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Бугунги кунда “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида 219 та ирригация, 100 та мелиорация объектлари бўйича манзилли рўйхатлар белгиланган тартибда тасдиқланди. Ушбу объектлар кесимида тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, объектларда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
2022 йилнинг 30 апрель ҳолатига ирригация-мелиорация объектларида 223,5 млрд.сўмлик ишлар бажарилди ҳамда 301,7 млрд. сўм молиялаштирилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 50,5 км канал ва 35,1 км лоток тармоқлари, 1,0 км қирғоқ ҳимоя, 1,7 км босимли қувур, 9 дона вертикал дренаж қудуғи ва 102,1 км коллектор тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.
234 та объектга бош пудратчи ташкилотларни аниқлаш бўйича “Шаффоф қурилиш” электрон тизими платформаси орқали тендер савдоларини ўтказиш учун эълон берилган бўлиб, шундан 222 та ирригация-мелиорация объектларига бош пудрат ташкилотлари аниқланиб, пудрат шартномалари расмийлаштирилган.
Қолган 12 та объектга бош пудратчи ташкилотларни аниқлаш бўйича “Шаффоф қурилиш” электрон тизими платформаси орқали тендер савдоларини ўтказиш жараёни давом этмоқда.
2022 йилда сув хўжалиги объектларига 6 минг 610 та рақамли технологияларни жорий қилиш ишларининг манзилли рўйхатлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, январь-апрель ойларида 308 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмалари ҳамда 120 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражасини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди.
Сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш мақсадида инвестиция лойиҳалари доирасида 27 та насос станциясини модернизация, 263 км канал ва 787 та гидротехник иншоотларини реконструкция қилиш, тизимдаги насос станцияларида хизмат муддатини ўтаб бўлган 181 та насос ва 354 та электродвигателни алмаштириш белгиланган.
Бу борада январь-апрель ойларида 19,42 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 29,43 млн. доллар (152%) ўзлаштирилди. Натижада, 79,3 км узунликдаги каналлар ва улардаги 234 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 35 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди, 3 минг 620 га суғориш майдонлари лазер ёрдамида текисланди ва 2 минг 990 га ер майдонлари чуқур юмшатилди.
Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик бошқарувига бериш бўйича 23 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланиб, реестрга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 февралдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Сув хўжалиги вазирлиги муассислигида “Айдар-Арнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамият ташкил этилиб, унинг вазифалари белгиланди.
“Айдар-Арнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамиятига камида 30 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш ва бошқа шартлар билан маҳаллий инвесторга ташқи бошқарувга бериш кўзда тутилган.
Матбуот хизмати