Сирдарё вилоятида сув хўжалиги ташкилотларида ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, коллектор-дренаж тармоқларини кластер ва сув истеъмолчиларига бириктириб бериш ҳамда коллекторлар бўйидаги “рош”ларни текислаб, ерга-ер қўшиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Абдураҳмонов, Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳавза бошқармалари бошлиғининг ўринбосарлари, мелиоратив экспедициялар бошлиқлари иштирок этди.
Семинар қатнашчилари дастлаб Қуйи Сирдарё ИТҲБ тасарруфидаги “Шўразак-Сирдарё” ИТБда бўлиб, бу ерда ташкил этилган ёрдамчи хўжаликдаги лимончилик, қўйчилик, қуёнчилик, балиқчилик, паррандачилик фаолияти билан танишдилар. Шундан сўнг семинар қатнашчилари Сайхунобод туманидаги “Сирдарё политекс” кластерига қарашли далаларда бўлиб у ерда коллектор-дренаж тармоқларини кластер ва сув исътемолчиларига бириктириб бериш, коллекторлар бўйидаги “рош”ларни текислаб, ерга ер қўшиш ишларини амалий кўргазмалар мисолида кўриб тажриба орттирдилар.
– Вилоятимизда 7 832 километр коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан 1 974 километр қисми Мелиоратив экспедиция ҳисобида, 5 857,6 километр қисми хўжалик ички коллектор-дренаж тармоқлари ҳисобланади, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғи Ш.Исроилов. – Хўжалик ички коллектор-дренаж тармоқлари тўлиқ кластерларга далолатнома асосида берилди. Улар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи 105 дона паспортларни (табличка) ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда жами 93 дона паспорт ўрнатилди.
Вилоятда мавжуд коллектор-дренаж тармоқлари бўйидаги “рош”ларни текислаш ҳисобига 2 минг гектардан ортиқ майдонларни очиш белгиланган. Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 1,1 минг гектар ер очилди. Ушбу майдонларга полиз, сабзавот ва бошқа экин экинлар экилди. Келгусида вилоят сувчилари учун дам олиш комплексини барпо этиш режалаштирилган.
– Сирдарёнинг юртимизда барчага ўрнак қилиб кўрсатишга арзигулик кластерлари, фермер хўжаликлари бор, – дейди Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи Қ.Муротов. – Кластерлар билан ишни бирга тўғри ташкил этиб, хусусий шерикчиликни ривожлантирсак ишимизда катта унум бўлади.
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати