2022 йил 13 июнь куни пойтахтдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуман Президентимизнинг жорий йил 1 март куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-144-сонли ва “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-145-сонли қарорлари ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.
Сув аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи неъмат бўлиб, вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган 33 мингдан зиёд ишчи-ходимлар аҳиллик билан меҳнат қилиб, оби ҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Матбуот анжуманида вазир ўринбосари А.Мирзаев олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётганлигини, Президентимизнинг ПҚ-144-сонли қарори билан бу борада янги тартиблар белгиланганлигини таъкидлади.
Қарорга биноан, жорий йилда сув тежайдиган технологияларни йирик сув узатиш ва сув чиқариш тармоқларининг бош қисмида, “бир канал – бир тизим” тамойили асосида 230 минг гектарда, шу жумладан, 160 минг гектар майдонда – томчилатиб суғориш, 28 минг гектар майдонда – ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ҳамда 218 минг гектар экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилган.
Ҳозирда жами 2 866 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг 94,0 минг гектар майдонида, жумладан, 2 391 та талабгорнинг 82,5 минг гектар майдонида – томчилатиб суғориш, 475 та талабгорнинг 11,5 минг гектар майдонида – ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш саноати кенгайиб, уларнинг сони 45 тага етказилди. Бу эса, бутловчи қисмларнинг таннархини хориждан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15–20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5–7 млн. сўмга арзонлаштириш имконини бермоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида “Томчи-реестр” ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Бугунги кунда 200 дан ортиқ корхона ушбу платформага тегишли ҳужжатларни онлайн шаклда киритган.
Шунингдек, субсидиялар бериш юзасидан тегишли материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишишнинг “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими жорий этилиб, амалиётга тадбиқ этилди. 2022 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилган ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ушбу тизим орқали ажратилади.
Президентимизнинг ПҚ-145-сонли қарори асосида республика бўйича туманларда 161 та Сув хўжалигининг махсус хизмати бўлимлари ташкил этилди. Туман Бандликка кўмаклашиш марказлари билан келишиб, малака талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирда ишсиз бўлган 4241 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.
Сув хўжалигининг махсус хизмати томонидан республика бўйича 3 млн. 409 минг гектар майдонга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунгача истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича 73 минг 349 та шартнома тузилган.
Республика бўйича Сув хўжалигининг махсус хизматлари томонидан 303 млрд. 801 млн. сўмлик бизнес режалар ишлаб чиқилган бўлиб, 10 июнь ҳолатида истеъмолчиларга 57 млрд. 295 млн. сўмлик хизматлар кўрсатилган. Сув хўжалиги махсус хизматига 7 млрд. 254 млн. сўмлик маблағлар тўлаб берилган.
2022 йил апрель-май ойлари давомида сув истеъмолчиларига қарийб 6 млрд. 268 млн. куб метр сув етказиб берилган бўлиб, етказиб берилган сув учун истеъмолчилар билан апрель ойида 73 минг 349 та, май ойида 71 минг 554 та далолатнома расмийлаштирилди.
Бу эса ўз ўрнида 73 минг 349 та истеъмолчи олган сувнинг ҳисоб-китоби юритилаётганидан далолат беради ва йил якуни билан солиқ идораларига истеъмолчиларнинг қанча сув олганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар шаклланишига имконият яратилади.
Шу билан бирга, жойлардаги махсус хизматлар билан сув истеъмолчилари ўртасида 68 минг 194 та кундалик ҳисоб журналлари юритилиши йўлга қўйилди.
Истеъмолчилар ўртасида сувнинг аниқ ҳисоб-китоби юритилишини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар 24 минг 165 та истеъмолчининг сув олиш қулоқлари жиҳозланди. Бу ишлар бугунги кунда давом эттирилмоқда.
Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида бошқарувга олиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб тасдиқланган ва тегишли хулоса олиш учун Молия вазирлигига тақдим қилинган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл ва Қўнғирот туманлари, Бухоро вилояти Пешку тумани, Самарқанд вилояти Иштихон тумани, Сирдарё вилояти Гулистон туманларидаги сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида бошқарувга олиш бўйича хусусий ташаббускорлар томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Вазирлик тизимида меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимлар бир ёқадан бош чиқариб, суғориш мавсумида истеъмолчиларга сувни лимит асосида етказиб бериш чоғида ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, сув ресурсларини самарали бошқариш, ундан оқилона фойдаланиш, Президентимиз қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича барча зарурий чораларни кўрмоқда.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Матбуот хизмати