БИЗНИ БИРЛАШТИРГАН ДАРЁ
ёхуд Нориндан Кичик Оролгача
(1-қисм)
Сирдарё дарёси Марказий Осиёдаги энг узун, Амударёдан кейин энг серсув дарёдир. Унинг узунлиги Норин дарёси билан ҳисоблаганда 3 минг 20 километрни ташкил қилади. Дарё Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларидан оқиб ўтиб, Орол денгизининг шимолий қисми –Кичик оролга қуйилади. Минтақамиз учун дарё қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканлигини сўз билан ифодалаш қийин.
“Тўхтағул”, “Қайроққум”, “Чордара” каби йирик сув омборлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими Сирдарё ҳавзасида шаклланиб, дарё ўзанида бир қанча катта-кичик гидроэлектрстанциялар қурилган. Бир сўз билан айтганда, Сирдарё – минтақа учун ҳаёт манбаи. Сўнгги 50 йилда Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, аҳолининг ўсиб бориши, янги ерларнинг ўзлаштирилиши дарё сувининг камайишига олиб келди. Айниқса, глобал иқлимнинг ўзгариши, минтақамиздаги Тянь-шан ва Помир тоғларидаги асрий музликларнинг қисқаришига сабаб бўлиб, дарё ҳавзасида экологик муаммоларни келтириб чиқарди ва бу ҳали ҳануз давом этмоқда.
1993 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини биргаликда бошқариш, фойдаланиш ва муҳофаза қилишда муҳим қадам бўлди. Бугун бу йўналишда бир қатор келишувлар ва амалий натижаларга эришилмоқда.
Жорий йилнинг 18–29 май кунлари Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси томонидан Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ҳамкорлар кўмагида Сирдарё ҳавзаси бўйлаб уюштирилган экспедиция минтақавий даражада ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд сув ва экологик муаммоларга биргаликда ечим топишга қаратилган амалий ишларнинг натижаси бўлди, дейиш мумкин.
Экспедицияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон давлатларидан сув хўжалиги ходимлари, экологлар, гидромет марказларнинг мутахассислари ва ушбу соҳалар бўйича фаолият юритадиган илмий-тадқиқот институтларининг ёш олимлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Илҳом Жўраев, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия Қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг вакили:
– Халқаро экспедициядан мақсад, иқлим ўзгариши шароитида Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва экологик вазиятни ўрганиш, мавжуд муаммолар ҳақида келишилган таклифлар тайёрлашга кўмаклашишдан иборатдир. Экспедициямизга ёш олимлар, экологлар, ирригаторлар жалб этилганининг боиси ҳам шунда. Авваллари ҳам бу йўналишда турли экспедициялар уюштирилган. Лекин бу галгиси алоҳида аҳамиятга эга деб ўйлайман.
18 май. Ўзбекистондан учган самолёт Бишкек вақти билан соат 18 дан 30 дақиқа ўтганда “Манас” аэропортига қўнди. Самолётдан тушибоқ мусаффо тоғ ҳавосини ҳис қилдик. Чор-атроф яшилликка бурканган. Бишкек Марказий Тянь Шан тоғлари этагидаги Чуй водийсида жойлашган бўлиб, шаҳарга 1878 йилда асос солинган. Қирғизистон Республикаси таркибида Иссиқкўл, Норин, Ўш, Жалолобод, Чуй, Талас ҳамда Боткент вилоятлари мавжуд.
19 май. Эрта тонгдан экспедиция билан йўлга тушдик. Дастлабки манзилимиз Жалолобод вилоятининг Тўхтағул тумани бўлди. Норин дарёси шу ерда шаклланади
Бу ҳудудлар Чуй вилоятига қарашли. Олой тизмаси (маҳаллий аҳоли уни Олотов дейишади) этакларига баҳор жуда кеч келар экан.
– Куз фасли ниҳояламай туриб, тоққа қор тушади, – дейди қирғиз ҳамроҳларимиздан бири Бақит Асанбоев. – Қирғизистон тоғли ҳудуд, яйлов кўп, шу боис республика аҳолиси чорвачиликка ихтисослашган.
Сирдарё мана шу жилғалардан тўйинади. Унинг манбаи тоғлардаги музликлардир.
Бишкек-Ўш автомагистрал йўли бўйлаб борамиз. Машинамиз Қораболта, Тошариқ тоғли қишлоқларидан ўтиб, Олабел довонига кўтарилди. Ушбу довон йўли 1953–1961 йилларда қурилган экан. Бу йўл жануб билан шимолни боғлаб туради. Давоннинг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 3500 метрга юқорида бўлиб, уни маҳаллий қирғизлар “Тоо Ашуу”, яъни тоғ ошиш деб аташаркан. Бу минтақадаги энг баланд давон бўлиб, Андижон–Ўш–Эргаштом–Қашғар халқаро магистрал автомобиль йўли билан боғланади.
Биз довон ошиб Жалолобод вилоятининг Тўхтағул туманига етиб келдик. Тўхтағул Талас, Чуй ҳамда Норин вилоятлари билан чегарадош экан. Бу ерда ҳали қорлар эримаган. Биз қирғизистонлик ҳамроҳларимиздан Норин дарёси қаерда оқаётганини сўрадик. Қирғизистонлик ирригатор Телек Исомуротов бизга юзланиб, Норин дарёси шу давон ортидаги асрий музликлардан шаклланади, деди - Катта Норин ва кичик Норин қўшилгач Норин номини олади. Унга яна Узун Аҳмат, Қорасув, Она Арча, Отбош, Олабуқа каби катта кичик дарёлар қўшилади.
Яна давон ошамиз. Узоқлардан катта сув кўринди. Бу Тўхтағул сув омбори эди. Чотқол ва Фарғона тоғ тизмалари орасида ястанган кўм-кўк сув ўнлаб км масофага чўзилиб кетган.
Оқилой Мамбетова, Қирғизистон Фанлар академияси қошидаги Сув муаммолари институти докторанти:
– Ушбу сув омбори ўтган асрнинг 60–75 йилларида бунёд қилинган. Умумий сув ҳажми 19,5 километр куб, узунлиги 65 километр, эни 12 километр, чуқурлиги 215 метрга тенг. Гидроиншоот 900 минг гектар майдонни суғориш учун мўлжалланган. Ҳозирги кунда сув ҳажми 11 километр кубни ташкил этади. Сув омборга машҳур қирғиз халқ оқини Тўхтағул Сотилганов номи берилган.
Биз тўхтаган жой дам олиш санаторияси экан. Бино атрофи гулзор, сунъий сув ҳовузлари қурилган. Сув бўйларига экилган кўчатлар мевага кирибди. Хуллас, бу ерда дам олиш учун қулай шароит яратилган.
20 май. Эрта тонгдан йўлга тушдик. Эндиги манзилимиз Тўхтағул гидроэлектр станцияси. Яна довон ошамиз. Бу ўлкада довон кўп экан. Жалолобод вилоятининг Қоракўл шаҳрига етиб келдик. Қоракўл энергетиклар шаҳри бўлиб, 1961 йилда ГЭС қурилиши билан бир даврда бунёд этилган. Шаҳарда деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Шўродан қолган эски бинолар, йўл бўйидаги бекатлар, ҳаттоки бетон ётқизиқлари ҳам собиқ шўролар даврини эсга солади. Тўғонга рухсат олиш учун бироз кутишга тўғри келди.
Биз вақтдан унумли фойдаланиб Тўхтағул ГЭСига бағишлаб ташкил этилган музей билан танишдик. Бу ерда электр станция қурилиши билан боғлиқ тарихий солномалар ўрин олган экан. Норин дарёсида режа бўйича 6 та йирик ГЭСлардан иборат каскад қурилиши режалаштирилган. Ҳозирги вақтда Учқўрғон, Қурибсой, Тўхтағул, Отбоши, Тошкўмир ва Шамолдисой ГЭСлари қурилган.
Луқмон Самиев, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети докторанти:
– Халқаро экспедиция сув, озиқ-овқат ҳамда энергетика йўналишларини қамраб олган. Бу жаҳон тажрибасида Нексус деб аталади. Биз ушбу йўналишда Сирдарё ҳазасидаги сув ресурсларини тадқиқ этдик. Муаммолар, ечимини кутаётган масалалар бор. Буни ўзаро ҳамкорликда ҳал қилиш мумкин.
Улуғбек Ҳамроқулов,
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот котиби