Узоқ кутишдан сўнг ниҳоят гидроэлектр станцияга киришимизга рухсат берилди. Станцияга тунел орқали кириб бориларкан. Бу жуда мураккаб гидроиншоот, дейди суҳбатдошларимиздан бири.
Оқилой Мамбетова, Қирғизистон Фанлар академияси қошидаги Сув муаммолари институти докторанти:
– Гидроиншоот мураккаб топографик ва сейсмик шароитларда барпо қилинганининг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Тўғоннинг баландлиги 216 метр. Электр станция “Тўхтағул” сув омборидан чиқариладиган сув оқимида ишлайди. Унинг умумий қуввати 1,2 миллион 124 киловаттга тенг. ГЭС бир йилда ўртача 5 миллиард киловат соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Норин дарёси ёқалаб пастга томон тушиб борар эканмиз дарёнинг гоҳ пастга қараб шиддат билан қуйилиши, гоҳ кенг ўзанда осуда тинч оқишини кузатамиз. Сув ёқалаб борар эканмиз яна дарёга қурилган гидроэлектр станцияларга кўзимиз тушди. Булар анча ГЭСлар эди.
Дарё бизни тобора пастга томон етаклайди. Ўзан қаерга бурилса, биз ҳам дарёга эргашамиз. Биз кўрган Норин анча катта ўзанда оқарди. Ортимизда эса Олой тизма тоғларининг оппоқ чўққилари элас элас кўзга ташланади.
Қирғизистон бўйлаб сафаримиз ниҳоясига етди.
21 май. Ўзбекистон. Экспидеция Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига етиб келди. Норин дарёси қўшни республикадан шу ҳудудда Ўзбекистонга оқиб киради.
Экспедиция аъзолари билан биргаликда Норин дарёсига қурилган сув тақсимлаш иншоотлари, замонавий назорат бошқаруви билан яқиндан танишдик.
Ўзбекистонда қадим замонлардан бошлаб Норин дарёсидан суғорма деҳқончиликда фойдаланиб келинган. Учқўрғон туманида дарёдан катта Фарғона каналига сув олинади. Албатта, ёш ирригаторлар каналнинг қазилиш тарихи билан қизиқдилар.
Қаҳрамон Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги “Сувлойиҳа” ДУК бош муҳандиси:
– Канал 1939 йили ҳашар йўли билан қисқа муддатда бор йўғи 45 кунда қазилган. Қурилишда 160 минг нафар одам иштирок этган. “Катта Фарғона” канали Фарғона водийсида қурилган энг йирик гидроиншоот ҳисобланади. Каналнинг узунлиги 350 километр бўлиб, сув сарфи 150 метр куб секундга тенг. “Катта Фарғона” канали орқали Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларидаги салкам 200 минг гектар экин майдонлари суғорилади.
Учқўрғон туманининг Балиқчи қишлоғида Норин дарёси билан Қора дарё қўшилиб Сирдарё ҳосил бўлади. Дарё ҳавзасининг майдони тахминан 462000 км², унинг асосий сув ҳосил бўладиган қисми эса 219000 км².
Бугун Ўзбекистонда сувдан самарали фойдаланиш мақсадида тежамкор технологиялар жорий этилмоқда. Қўшни республикалар олимлари, ирригаторлар Учқўрғон туманидаги пахта далаларида жорий қилинган томчилатиб суғориш технологияси билан танишар эканлар, сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишда бу энг самарали усул эканлигини таъкидлашди. Маҳаллий фермерлар ҳам ушбу усул ҳозирда сувни иқтисод қилиш бўйича энг тўғри йўл эканлиги, қолаверса ҳосилдорликни ошириб, мўл-кўл ҳосил олиш кафолати ҳамдир дея айтиб ўтишди.
22 май. Эрта тонгда экспедиция билан йўлга тушдик. Навбатдаги манзилимиз Тожикистон Республикаси. Биз бораётган Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти билан чегарадош. Ҳавонинг авзои бузуқ, шамол тинмайди. Чегара ҳудудига етишимиз билан ёмғир севалай бошлади. Тожикистонга ўтишимиз билан шамол кучайди. Ҳаммамиз тезроқ автобусга чиқиш учун шошилдик.
– Конибодом деганлари шамолга ҳам бой бўлади, – дейди тожик ошналаримиздан бири автобусга чиқар экан ҳазиллашиб. Бу енгилгина кулги уйғотди. Ойнадан ташқарини кузатиб бораётган кам гап ҳамроҳимиз Луқмон тожикистонлик Амириддинга қараб гап отди: “Сиз ҳали менга бу жойни Конибодом дедингиз, шунча йўл юрдик аммо бирор туп бодом учрамади. Бу Конибодомми ёки Қанибодомми? Луқмоннинг бу гапига ҳаммамиз кулишдик.
Сирдарё бўйидаги Конибодом шаҳри қадимда Канд номи билан аталиб, VI–VIII асрларда гуллаб яшнаган. Шаҳар ва унинг яқин атрофидаги экин майдонлари асосан “Катта Фарғона” канали орқали суғорилади. Конибодомдан Исфарасой оқиб ўтади. Биз Сирдарё ёқалаб Хўжанд шаҳри томон йўл олдик. Конибодомдан чиқишимиз билан биздан ўнг томонда катта сув кўринди – бу “Қайроққум” сув омбори эди. Уни маҳаллий аҳоли “Баҳри тожик” (ёки 2-номи тожик денгизи) деб аташади. Сув омборининг узунлиги 55 км, эни 22 км. ни ташкил этади. Бугунги кунда Қайроққум сув омборининг сув ҳажми 3 млрд. 443 млн. м³ бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 м³/секунд, сувнинг чиқиши эса 880 м³/секундни ташкил этмоқда. Сирдарё дарёсининг ўзанида қурилган сув омборининг дарё бир томонидан кириб, иккинчи томонидан оқиб чиқади ва Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикаси ҳудудларидаги экин майдонларини суғоришда фойдаланилади.
24 май. Хўжанд шаҳридамиз. Сирдарё бўйидаги Хўжанд қадимий шаҳарлардан бир бўлиб, милоддан аввалги 1-минг йилликда вужудга келган. Шаҳар савдо ва ҳунармандчилик маркази сифатида Буюк ипак йўлининг чорраҳасида Ўрта Осиёни Ҳиндистон, Эрон, Яқин Шарқ, Хитой ва Ўрта денгиз ҳавзасидаги мамлакатлар билан боғлаб туришда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳозирги кунда эса Хўжанд – мамлакатнинг йирик иқтисодий ва маданият марказига айланган.
Хўжанд сув хўжалиги бошқармасида экспедиция иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда Тожикистон Республикасида Сирдарё сувидан фойдаланиш, суғориладиган экин майдонлари, Сирдарё ҳавзасидаги ирригация тизимлари фаолияти, гидротехник иншоотлардан фойдаланиш ва уларнинг ҳолатлари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Бугунги кунда Тожикистон Республикаси Сирдарё ҳавзасидан 5 та – Ашт-Сирдарё, Самгар-Мирзаровот, Исфара, Истаравшон ҳамда Матча Сирдарё сув тақсимлаш иншоотлари орқали сув олади. Сўғд вилоятида 20 минг гектардан зиёд экин майдонлари суғорилади.
Семинарда Тожикистонда сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиш билан қизиқдик. Сўғд вилоятида темажор технологиялар ҳали тўлиқ ишга тушмаганлигини айтишди.
Улуғбек Ҳамроқулов,
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот котиби