Бизни бирлаштирган дарё
ёхуд Нориндан Кичик Оролгача
(3-қисм)
25 май. Тожикистон Республикасидан яна Ўзбекистон Республикасига ўтдик. Биз Сирдарёнинг ўрта оқимидаги Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридамиз. Бугун Бекобод вилоятнинг энг ривожланган ишлаб чиқариш ва саноат шаҳри ҳисобланади. Бу ерда республика аҳамиятига эга бўлган “Ўзбекистон металлургия комбинати” ҳамда “Бекбодцемент” заводлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳамроҳларимиздан бири нима учун шаҳарни “Бекобод” деб аташган деб сўраб қолди.
– Бир замонларда Сирдарё анча пастликда оққан экан, – дейди Луқмон Самиев суҳбатдошларга юзланиб. – Маҳаллий аҳоли ҳар қанча уринса ҳам дарё сувидан суғоришда фойдалана олмаган экан. Шунда шаҳарнинг беклари дарёдан сув чиқариб, атрофни боғ қилишган экан. Бекобод номи шундан қолган дейишади.
Демак бундан чиқди биз беклар шаҳрида эканмизда деди, қирғизистонлик дўстимиз Бакит Асанбоев кулимсираб.
Экспедиция Сирдарё бўйидаги Фарҳод ГЭС билан танишди. Гидроиншоот 1942 йилда бунёд этилган бўлиб, умумий қуввати 126 мегаватга тенг. У Сирдарё вилояти, Бекобод шаҳри ва “Ўзбекистон металлургия комбинати” ҳамда “Бекбодцемент”ни электр энергияси билан таъминлайди. Бугунги кунда Фарҳод ГЭС энг замонавий автоматик бошқарувга эга бўлиб, тўлиқ модернизация қилиняпти.
Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятидамиз. Сирдарёнинг ўрта оқими. Дарё Чордара сув омбори орқали Туркистон, Қизилўрда, Бойқонур ҳудудларидан оқиб ўтиб, Оролбўйида Кичик оролга қуйилади. Энди биз Сирдарё оқими бўйлаб Қозоғистон ирригация тизимини ўрганамиз.
Экспедиция шароитида автобусда бўлса ҳам бироз мизғиб олиш керак. Чунки манзил йироқ, йўл эса олис.
Чордара Сирдарёнинг ўрта оқимидаги энг йирик сув омбори. Ушбу иншоот суғориш ва энергетика мақсадлари учун 1965 йилда қуриб битказилган, узунлиги 80 км, эни 25 км. ни ташкил этади. Сув омборининг тўлиқ сиғими 5,2 млрд. м³, фойдали сиғими 4,7 млрд. м³ тенг. Чордара сув омборидан Сирдарёга 550 м3/с сув ташланади. Айнан ушбу сув иншоотидан Ўзбекистонинг Айдар-Арнасой кўллар тизимига сув ташланади ҳамда Қозоғистоннинг Қизилўрда, Туркистон вилоятларидаги экин майдонлари суғорилади.
26 май. Қизилўрда шаҳри. Қизилўрда Сирдарёнинг қуйи оқимида карвон йўли бўйида жойлашган қадимий шаҳарлардан бири саналади. Тарихий манбаларда ёзилишича, Қизилўрда Қўқон хонлиги тасарруфида бўлган. Бугун шаҳарда 245 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳозиргача, шаҳардаги биноларни қурилиш учун қизил ғиштдан фойдаланиларкан. Вилоятнинг қишлоқ хўжалиги асосан шоличиликка ихтисослашган экан. Вилоятда Сирдарё ўзанида 4 та гидроузел мавжуд бўлиб, ушбу сув иншоотларидан қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш учун 19 катта-кичик каналлар ажралади. Биз Қизилўрда гидроузелида бўлдик. Ушбу сув тақсимлаш иншооти орқали вилоятнинг 60 минг гектар майдонига сув берилади. Қизилўрда гидроузелидан ажралган Чап қирғоқ канали узунлиги 140 километр бўлиб, сув ўтказиш қуввати 60 м3/с. га тенг.
Маҳаллий аҳоли учун Сирдарё ҳаёт манбаи. Уни қадрлашиб “қувондарё” деб аташаркан. Аҳоли билан гаплашсангиз Сирдарё суви йилдан-йилга камайиб бораётганлигидан қайғуришади.
Қизилўрда шаҳрида ирригация музейи ташкил этилган. Бу ерда Сирдарё билан боғлиқ кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Қизилўрда шаҳрида дарёнинг сув сарфи 350 м3/с. га тенг.
Серик Бекманянбеков, Қозоғистон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия кўмитаси масъули вакили:
– Минтақада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда бу каби халқаро экспедициялар катта аҳамиятга эга. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу биз учун тажриба алмашиш имконини берди. Мисол учун, Ўзбекистонда қўлланилиб келинаётган сув тежовчи технологияларни бошқа республикаларда ҳам жорий этиш мумкин. Бу экспедиция ҳамкорлик алоқаларини мустахкамлашга ҳам хизмат қилади.
Ва ниҳоят, экспедициямизнинг охирги манзилига етиб келдик. Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Оролбўйи шаҳри. Ўтган асрнинг 50–60-йилларида порт шаҳри сифатида эътироф этилган. Мўйноқдан ортилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари кемалар орқали Оролбўйи (Аральск) шаҳрига келтирилган. Ўз навбатида Мўйноққа бу ердан ош тузи, қурилиш материаллари жўнатилган.
Оролбўйидан Кичик Оролгача масофа 250 км. ни ташкил қилади. Чўл ҳудуд бўлганлиги боис машиналаримизни алмаштиришга тўғри келди.
28 май. Ниҳоят экспедиция аъзолари билан қарийб 3,5 минг километр йўл босиб кўзлаган манзил – Кичик оролга етиб келдик. Бу Сирдарёнинг сўнгги манзили эди.
– Ўтган асрнинг 80-йилларида Қозоғистон Республикаси томонидан Орол денгизи қуришининг олдини олиш, Сирдарё сувидан самарали фойдаланиш мақсадида “Кўкорол” сув тўғони қурилди, – дейди Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасининг Қозоғистондаги дирекцияси раҳбарининг ўринбосари Зауреш Алимбетова. – Тўғон Катта Оролдан Кичик оролни ажратиб туради. Бугунги кунда Кичик оролнинг майдони 3300 км2 бўлиб, сув ҳажми 27 метр куб секундга тенг. Кўл сувининг таркибида туз миқдори кам кузатилади. Боиси тўғон Сирдарё яқинида барпо этилган. Бу сувнинг тез алмашувига ёрдам беради.
Бугунги кунда Қозоғистонда Шимолий Оролни сақлаб қолиш ҳамда Оролнинг сув қочган майдонларини яшил ҳудудга айлантириш мақсадида турли йўл хариталари ишлаб чиқилган. Бу йўналишда мамлакатга Жаҳон банки ва Жанубий Корея ҳукумати томонидан молиявий кўмак берилмоқда.
Икки ҳафта давомида Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурслари, гидротехник иншоотлар, энергетика тизимларини ўргандик, тадқиқ этдик. Энг муҳими, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, минтақа учун оби ҳаёт саналган дарёни биргаликда муҳофаза қилишга умид боғладик. Чунки умид ҳеч қачон сўнмайди, балки у бизни янада жипслаштиради. Агар биз ҳамжиҳат бўлиб, дарёни муҳофаза қилсак, сувдан самарали фойдалансак дарё яна тўлиб оқади, мусаффо бўлади. Қозоқ халқи айтганидек, “Қувондарё” яна бизни қувонтиради. Дарёларимизни асрайлик, улар тарих ва келажакка дахлдор.
Улуғбек Ҳамроқулов,
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот котиби