Бир донишманддан сўраган эканлар: “Инсон қандай ҳолатда бахтли бўлади?” Донишманд шундай жавоб берган экан: “Ўзининг севган ишини қилса! Ундан роҳат олиб, элига, юртига, атрофдагиларга фойда келтирса!”
Нақадар оддий, аммо шу билан бирга ҳаётий фикрлар. Бундан минг йиллар олдин айтилган бу сўзлар бугун ҳам ўз қадр-қийматини йўқотгани йўқ.
– Сувчи бўлиб ишлаш шараф! Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги “Кармана-Конимех” ирригация тизими бошқармаси навбатчи диспетчери Гулсара Сувонова. – Мен 1986 йилда мактаб тамомлаб, Навоий вилояти сув хўжалиги бошқармасига котиба бўлиб ишга кирганман. Мен ишга келган вақтларимда босма машинада ёзардик. Ёшлигим сув хўжалиги соҳасида ўтди. Кейинчалик техник-диспетчер, 1-тоифали мутахассис вазифасида ишладим, ҳозирда “Кармана-Конимех” ирригация тизими бошқармасида диспетчер бўлиб ишлаб келаяпман.
Илгари каналлар бўйига бориб, сувни ўлчаб келардик. Ҳозир ўша каналдан қанча сув оқаётганини ўтирган жойимизда билиб турамиз. Негаки, соҳа рақамлаштириш тизимига ўтаяпти.
Шу сув хўжалиги соҳасида ишлаб келаётганимга 36 йил бўлибди. Мен шу касбнинг ортидан кун кечириб кам бўлмадим, ҳурмат эътибор орттирдим. Шу даргоҳнинг нонини еб фарзандларимни уйли-жойли қилдим.
Иш фаолиятимни сув хўжалиги соҳасида ўтказганимдан ҳеч афсусланмайман. Аксинча, сувчи бўлганимдан доим фахрланаман.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати