“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган. Эртага давлатимизнинг муқаддас тимсоли – гербимиз қабул қилинганига 30 йил тўлади.
Давлат герби думалоқ кўринишга эга бўлиб, шаклнинг сўл томони ризқ-рўзимиз тимсоли – буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса ўзбекнинг донғини дунёга таратган бебаҳо бойлигимиз – чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган. Узоқдаги тоғлар ва дарёлар манзарасида гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.
Гербнинг юқори қисмида эса Ўзбекистон озодлигининг рамзи сифатида саккизбурчак юлдуз, унинг ички қисмида яримой ва юлдуз, марказида – бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини ифода этувчи чамбар тасмасига “Ўзбекистон“ деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида ранглар жилосига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда; лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, яримой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, соҳибқирон бобомиз Амир Темур давлатининг байроғи сингари герби ҳам бўлган. Жумладан, Амир Темур яратган марказлашган давлат ўзининг герби – уч халқа шаклидаги тамғаси билан танилган.
Шундай экан, Ватанимизнинг ёрқин тимсоли – гербимизнинг биз учун қадр-қиммати, аҳамияти ниҳоятда буюк. Чунки у Ватанимиз озодлиги, ҳурлиги ва халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётининг ифодасидир.
Герб бу – Ватан рамзи, давлатнинг юзи,
У билан ишончли миллатнинг сўзи.
Ҳар қайси ҳужжатда бор муҳр, изи,
У билан мангудир тизимнинг ўзи.
Унда тинчлик рамзи – Ҳумо қуши бор,
Юртга нур таратар ой, қуёши бор...
Пахтаю буғдойи – деҳқон иши бор,
Герб бу – Ватан рамзи, давлатнинг юзи.
Алимардон Ҳайитов