Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон–Франция ишбилармонлар кенгаши раиси Клод Имовен бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Делегация Франциянинг 30 дан ортиқ нуфузли компаниялари вакилларидан иборат. Улар орасида сув, “яшил иқтисодиёт”, атроф-муҳит ҳимояси бўйича фаолият олиб бораётган, Марказий Осиё республикаларида лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар ҳам бор.
Учрашувда вазир ўринбосари А.Мирзаев меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлади. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилаётган устувор йўналишлар, Концепция ва стратегия доирасида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси, халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ҳақида меҳмонларга маълумот берилди.
“Egis” – транспорт, шаҳарни ривожлантириш, қурилиш, сув таъминоти ва энергетика соҳаларида инжиниринг ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи халқаро компания. Унинг Францияда 50 га яқин офислари ва 100 дан ортиқ давлатда ваколатхоналари бор.
– 1990-йиллардан буён Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириб келаяпмиз. Албатта, келгусида ҳамкорликни кенгайтириш, сув хўжалиги соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларга ҳам ҳисса қўшишдан манфаатдормиз, – деди “Egis” компаниясининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Жан-Мишель Ристори.
Учрашувда Франциянинг Suez, Voltalia, BRL ingenierie каби компаниялари вакиллари сўзга чиқиб, фаолият йўналишлари, ҳамкорликдаги иш режалари ҳақида гапириб беришди.
Франциялик ишбилармонлар билан келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция лойиҳалари ва сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича таклифларни икки томонлама ўрганиб чиқишга келишиб олинди.
Матбуот хизмати