Мамлакатимизда жами суғориладиган майдонлар ҳудуди салкам 4 ярим миллион гектарни ташкил этиб, шунинг 2 ярим миллион гектари ёки 55 фоиздан ортиғи насос станциялари, суғориш ва мелиорация қудуқлари ёрдамида суғорилади. Хўш, Жиззах вилоятида қанча экинзор ана йўл билан оби-ҳаётга қондирилмоқда? Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Тўлқин Хамзаев мухбиримизнинг шу мазмундаги саволларига жавоб беради.
– Бошқармамиз тасарруфида 35 та насос станцияси мавжуд бўлиб, уларда 142 дона насос агрегатлари ўрнатилган. 87 дона суғориш ва мелиоратив қудуқларимиз бор. Ана шу механизм ва қурилмаларимиз сониясига 146 куб метр сув чиқариб бериш қувватига эга. Ушбу агрегатлар ёрдамида вилоятнинг қарийб барча туманларидаги 110 минг гектардан ортиқ майдондаги экин майдонларга сув етказиб берилади.
Жамоамиз аъзолари суғориш мавсумлари оралиғидаги даврда кенг кўламли таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга оширишди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, вегетация мавсуми авжига чиққан шу кунларда тасарруфимиздаги барча техника ва технологиялар узлуксиз равишда ишлаб турибди. Воҳамиз деҳқонларига белгиланган меъёрдаги сув етказиб берилаётир.
– Тўлқин Асимович, сув чиқариш мосламаларининг узлуксиз ва бехато ишлаши учун амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
– Юқорида айтганимдек, мавсумлар оралиғида мавжуд насосларимиз тўлиқ назоратдан ўтказилди. Дастлаб уларнинг орасидан янгиланиши ёки заҳира қисмлар ўрнатилиши лозим бўлганлари аниқлаб олинди. Натижада, 12 та насосга янги моторлар ўрнатилди, 31 та агрегат, 9 та суғориш қудуғида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишларни талаб даражасида бажариш учун 447 миллион сўм маблағ сарфланди.
– Жамоангиз зиммасидаги вазифаларнинг бекаму-кўст бажарилиши учун анча-мунча электр энергияси зарур бўлади, албатта. Шу билан бирга тизимда электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш талаб қилинмоқда. Хўш, бу борада қандай мулоҳазаларингиз бор?
– Дарҳақиқат, бу борада республика ҳукумати ва Сув хўжалиги вазирлиги зиммамизга аниқ вазифалар юклаган. Бизга жумладан, бугунгача 100 та насос агрегатини энергия тежамкор двигатель ва қурилмалар билан жиҳозлаш топшириғи берилган эди ва ушбу вазифа ўз мудатида тўлиқ бажарилди. Ўтган йили насосларимизга 11 дона, жорий йилда эса, 23 та “ақлли” онлайн сув ҳисоблаш аппаратлари ўрнатиш сўралган, бу ишлар ҳам тўлиқ якунига етказилди.
Шунингдек, насос станцияларини қуёш нуридан энергия олувчи лампалар билан ёритиш, частота ўзгартирувчи тежамкор қуриламлар билан қайта жиҳозлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. 2022 йилнинг бошидан эса, насос станцияларимиз фаолиятини Сув хўжалиги вазирлиги электрон ахборот-назорат тизимига мослаштириш борасида ҳам муайян ишларни амалга оширдик.
– Жамоангиз сув танқислигини юмшатиш борасидаги ишларга қандай ҳисса қўшмоқда?
– Ҳа, сув танқислиги муаммоси йилдан йилга ошиб бормоқда. Вазирлар Муҳкамасининг шу йил 10 майдаги “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам бежизга қабул қилинмади. Биз ана шу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 6,8 миллиард сўм маблағ эвазига 67 та янги насос агрегатини сотиб олишимиз, 44 та агрегатни таъмирлашимиз зарур эди.
Мамнуният билан айта оламанки, бу вазифа ҳам ортиғи билан бажарилди. Бугунги кунда 73 та дона янги, 49 та таъмирланган насос агрегатилари сув таъминоти қийин бўлган агрокластер ва фермер хўжаликлари далаларига ўрнатилди. Улар ёрдамида суғорилаётган далалардан мўл ҳосил олинишига, бу билан элу-юртимиз дастурхони янада серфайз бўлишига ишончим комил.
– Мазмунли суҳбат ва атрофлича маълумотлар учун раҳмат!
Х.Каримов,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби