Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайти – water.gov.uz орқали фуқароларнинг онлайн мурожаатлари ва сўровларини қабул қилиш йўлга қўйилган.
Шу мақсадда ишга туширилган бот орқали мурожаат ва сўровларга онлайн жавоб бериб келинмоқда, фуқароларнинг шикоятлари тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаяпти.
2022 йил 18 июль куни Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Ишонч-21” фермер хўжалиги раҳбари Мусо Боев 50 гектар майдондаги ғўзаларни суғориш муаммо бўлаётганлиги ҳақида мурожаат қилган эди.
19 июль куни Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда Навбаҳор тумани ирригация бўлими ва махсус хизмат ходимлари томонидан ушбу мурожаат жойига бориб ўрганилди.
Шу куннинг ўзида махсус хизмат мироблари томонидан фермернинг ғўза майдонларини суғориш учун етарли миқдорда сув етказиб берилди ва суғоришда амалий ёрдам кўрсатилди.
“Ишонч-21” фермер хўжалиги раиси Мусо Боев ўз мурожаатига зудлик билан эътибор қаратилганлиги ва ижобий ҳал этилганлигидан миннатдор бўлиб, Сув хўжалиги вазирлиги раҳбариятига ташаккур билдирди.
Матбуот хизмати