Минтақамизда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги, аҳоли ўсиши ҳамда бошқа инсон таъсири билан боғлиқ омиллар сувни кўп истеъмол қиладиган экинларни етиштиришга сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида республикада шоли етиштириш ва бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда шоли етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллашга қаратилган вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги тажриба майдонида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти томонидан шоли етиштиришда ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
– Илмий тадқиқот лойиҳасида шоли етиштиришда ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш технологияларини қўллаб шоли етиштириш бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг таянч доктаранти Ерлан Ботирбаев. – “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларида шоли етиштиришда сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш” номли ушбу илмий лойиҳа асосида ҳудудда шоли етиштиришда сув билан бирга бошқа ресурслар тежалиши ҳам кутилмоқда.
Жумладан, анъанавий усулда сарфланадиган йиллик сув сарфи миқдори тупроқ-иқлим шароитига ва навларни биологик хусусиятига мос равишда 60-70 фоизгача, уруғлик сарфи 40 фоизгача иқтисод қилинишига, экилган уруғларни далада унувчанлиги 40–50 фоиздан 70–80 фоизгача ортишига эришилади. Кимёвий минерал ўғитлар 15-20 фоизга, бегона ўтлар ва касалликларга қарши фойдаланадиган гербицидлар 30 фоизга иқтисод қилинишига ва шолини 25–30 кун эрта пишишига имкон яратилади. Ҳосилдорлик 40–50 фоизгача ортади. Шунингдек, сувдан фойдаланишда ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш, тупроқ остидан суғориш ҳамда оқовасиз қисқартириб, тунда сув бермасдан суғориш натижасида йиллик сув меъёрини 30–40 фоизгача тежаш имконияти яратилади.
Нукус туманидаги 1,5 гектар тажриба майдонида шолининг “Гулистон” нави экилган бўлиб, ҳозирда шоли майдонининг бир қисмига ёмғирлатиб, бир қисмига томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Шолининг ривожланиши яхши ва илмий ходимлар тавсияси билан сув бериб борилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби