2022 йил 27 июль куни вазирликда “Сув хўжалигида коррупцияга ўрин йўқ!” мавзуида семинар ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппарати бошқарма бошлиқлари ва раҳбар ходимлари, шунингдек, вазирлик таркибидаги давлат унитар корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги тузилмасида 2021 йилнинг 1 октябридан мавжуд штат бирлиги доирасида Ички аудит ва комплаенс назорат бошқармаси ташкил этилди ва вазирлик ҳудудий бўлинмаларида масъуллар белгиланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган раҳбар-ходимларнинг коррупцияга оид ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда.
2021 йил 1 январдан бошлаб ишга қабул қилишни давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали мустақил очиқ танловлар шаклида амалга ошириш йўлга қўйилди.
Вазирлик томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича барча меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан коррупция ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, 2021 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси, Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, 2019–2021 йилларда ҳудудий ишчи гуруҳларнинг хулосаларига асосан давлат бюджети ҳисобидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ажратилган 310,0 млрд. сўм (1546 та субъектда) субсидиялар мақсадсиз ва самарасиз сарфланганлиги аниқланди.
2022 йилнинг 1-ярим йиллигида вазирликнинг Ички аудит ва комплаенс назорат бошқармаси томонидан бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича ўтказилган назорат тадбирларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг асоссиз ортиқча тўланиши, ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларига маблағ ўтказиб бериш ва бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзиш ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлар талабини бузиш натижасида 2 млрд. 804 млн.сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, коррупцион хатарлар профилактикасини ўтказиш, субсидия маблағлари ажратилишида ва капитал қурилиш соҳасида инсон омилини камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги 144-сонли қарорига асосан вазирлик умумий штат бирликлари доирасида 13 та ҳудудда ички аудит гуруҳлари – бош инспектор лавозими жорий этилди. Уларга сувни тежайдиган технологияларга ажратилган субсидия маблағларини ўрганишдан ташқари, вазирлик таркибидаги бюджет ташкилотларга бюджетдан ажратилган ва бюджетдан ташқари маблағларнинг дастлабки, жорий ва якуний назоратини амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия маблағлари ажратишни “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими орқали амалга ошириш жорий этилди. Бунинг натижасида сув тежовчи технологияларни жорий қилган талабгорларга субсидия маблағлари ажратиш жараёни шаффофлашиб, ғайриқонуний аралашувларга чек қуйилди.
Семинарда вазирлик ва унинг таркибидаги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналарда Очиқлик индексини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Президентитмизнинг 2022 йил 14 июнь куни қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни ўз муддатларида бажариш, очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Сувчилик савобли касб. Бу касб эгалари оби-ҳаётни етказиб бериб, халқ фаровонлиги йўлида доим эзгу ишлар қилиб, элнинг дуосини олган. Коррупциявий ҳаракатлар сувчиларга мутлақо ярашмайди, ушбу касб эгаларининг минг-минг йиллар давомида томчилаб орттирган обрўсига ҳам доғ туширади.
Шу боис, соҳанинг фидойи ходимлари “Сув хўжалигида коррупцияга ўрин йўқ!” деган шиорни ўз олдиларига мақсад сифатида қўйиб кечаю-кундуз далаларга оби ҳаётни бир маромда етказиб бериш учун тинмай меҳнат қилишмоқда.
Матбуот хизмати