Кўпчилигимиз ҳалиям сувчилар деганда китобларда ўқиб, журналларда суратини кўриб илк тасаввуримизда жонлантирганимиз – эгнида оқ яктак, бошида дўппи, меҳнатдан қаварган қўлида кетмон, офтобда қорайган юзида самимият барқ уриб турган инсонларни кўз олдимизда гавдалантирамиз.
Бироқ, ҳаёт ўзгариб, олдинги тасаввурларни янгилайдиган давр келди. Энг қадимги касблардан бири бўлган сувчилик ҳам илм-фан ютуқларидан баҳра олиб, инновацион усулларни қўллашга астойдил киришганига анча бўлди. Таъбир жоиз бўлса, юртимизда рақамлаштириш жараёнлари энг жадал бораётган, ўрнатилаётган янги технологиялар сони йил сайин эмас, ой сайин, кун сайин ўсиб бораётган соҳалар орасида, энг олдинги қаторларда сув хўжалиги ҳам бор, десак ҳеч янглишмаймиз.
Бугун сув хўжалиги ходимлари катта-катта сув иншоотларини қўлда эмас, автоматлаштирилган тизим орқали масофадан бошқараяпти, каналларда оқаётган, насос станцияларида чиқарилаётган сувнинг ҳисобини ўтирган жойида олаяпти, қўл телефони ёки компьютерида суғоришга ким қанча сув сарфлаётганини билиб, таҳлил қилиб турибди, ер ости сизот сувларининг сатҳи, минераллашганлик даражаси ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда қабул қилиб, марказга узаяпти. Илгари йигирма гектарлик битта далани тўрт-беш кишилашиб, бир ҳафтагача суғорган бўлса, энди томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилган далаларни бир киши бир куннинг ўзида сувлаб, бошқа ишларини қилишга ҳам улгураяпти.
Илм-фан, тараққиёт ҳақиқатдан сувчиларнинг жисмоний меҳнатини енгиллаштирди, уларнинг қўлига кетмон эмас, китоб тутқазди. Янги технологияларни ишлатиш, такомиллаштириш, сувни бошқаришга илм билан ёндашиш сувчиларга доимий равишда билим ва малакасини ошириб боришни энг муҳим вазифа, ҳаётий зарурат қилиб қўйди.
Оддий одамларнинг эса сувга бўлган муносабати, суғориш маданияти ўзгарди. Энг улуғ неъмат бўлган сувни қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан ўлчов билан фойдаланиш, тежамкорликни тарғиб қилиш, буларни ёш авлодда тушунтириш ва ўргатиш бўйича мутлақо янги маданият шаклланди.
Сув хўжалиги вазирлигининг кеча бўлиб ўтган навбатдаги ҳайъат йиғилишида Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари билан барпо бўлаётган Янги Ўзбекистонда сувчиларнинг ўрни, ислоҳотларга қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган натижаларга тўхталар экан,
17 млрд. 35 млн. м3 сув етказиб берилганлигини, сувни самарали бошқариш, замонавий технологияларни қўллаш ва бошқа тадбирлар ҳисобига 678 млн м3 сувни тежашга эришилганлигини таъкидлади. Республика бўйича 118,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни қурилиш-монтаж ишлари бошланган бўлиб, шу кунгача 72,5 минг гектарида ишга туширилган. 1604 та “Ақлли сув”, 915 та “Дайвер” қурилмаси ўрнатилган, 1 та йирик сув хўжалиги объектини автоматлаштириш якунига етказилган, режага нисбатан 121 млн кВт.соат электр энергияси тежалган. Капитал қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари натижасида 110 минг гектар майдоннинг сув таъминоти, 55 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланган.
Ҳамма соҳанинг ўз етакчилари, фахрланадиган инсонлари бўлади. Исмоил Жўрабеков ана шундай сувчиларнинг фахри, давраларининг файзи ҳисобланади. Бугун сув хўжалигида меҳнат қилаётганларнинг қанча-қанчаси ёшлигида Исмоил Ҳакимовични экранларда кўриб, қилган ишларини газеталарда ўқиб, у кишига ҳавас билан улғайган ва шу соҳани танлаган.
И.Жўрабеков бундан 50-60 йил бурунги даврларда қандай қийинчиликларни бошдан ўтказганлигини айтиб берди. Сувчиларга қаратаётган эътибори, соҳани ривожлантиришдаги ташаббуслари учун Президентимиздан ҳамма миннатдор эканлигини таъкидлади. Ўзининг узоқ йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб, сув хўжалиги иншоотларини автоматлаштирмасдан, сув тежовчи технологияларни қўлламасдан бугунги кунда ишлашнинг имкони ва иложи йўқ, деган қатъий фикрни билдирди.
Бу йил ғалладан юқори ҳосил олингани, август ойининг бошида ғўзалар етти-саккизтадан кўсак олиб, яхши ривожланаётгани, кузда об-ҳаво яхши келса, пахтадан ҳар йилгидан кўп ҳосил кутилаётгани ҳақида сўз юритилди. Ёғингарчиликлар мўл бўлгани учун сув омборларда сувнинг тахминан 50 фоизи ишлатилгани, буёғига имкон қадар оби ҳаётни тежаб, келгуси йиллар учун сақлаб қолиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда берган топшириқларидан келиб чиқиб, ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш ишларини барча ҳудудларда сифатли амалга ошириш бўйича эълон қилинган “Долзарб 30 кунлик”да фаол меҳнат қилиб, сувчиларнинг зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш, бу йилги суғориш мавсумини муваффақиятли якунлаш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Сув хўжалиги ходимларининг катта қисми ўз даврида Тошкент ирригация институтида таҳсил олган. Шу даргоҳдан учирма бўлиб, катта ҳаётда ўз йўлини топган. Йиғилишда сўзга чиққан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ректори, ҳайъат аъзоси Баҳодир Мирзаев таълим даргоҳи етиштириб бераётган кадрларнинг асосий истеъмолчиси Сув хўжалиги вазирлиги эканини алоҳида эътироф этди.
Сув хўжалигига ёш кадрларни доимий равишда жалб этиб бориш, олий маълумотли кадрлар сонини ошириш, бу борада миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, талабалар амалиётини ташкил этишда кўмаклашиш, соҳада илм-фан ва инновацион ишланмаларни татбиқ этишни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суғориш мавсуми якунига етганидан сўнг миллий тадқиқот университети профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Соҳага доир барча ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш сув хўжалигининг энг қуйи бўғинидан тортиб, вазирлик раҳбариятигача – барчанинг бурчига айланган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишининг назоратини юритувчи “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг бажарилиши юзасидан Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориляпти.
Ҳайъат йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2022 йил 26 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-176-сонли Фармони ижросини таъминлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижросини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини тизимли йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижро этилишининг амалиётдаги аҳволи, улар бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини мунтазам муҳокама ва таҳлил этиб бориш зарурлиги қайд этилди. Бу масалада камчиликларга йўл қўяётган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилиши таъкидланди.
Шунингдек, “Ijro.gov.uz” тизими билан ишлаш ва ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Сўзга чиққанлар Сув хўжалиги вазири, ўринбосарлари суғориш мавсуми давомида вилоятларда далама-дала юриб, сувчиларга амалий ёрдам бераётганлигини, оддий ходимларнинг меҳнат шароитлари, ўй-ташвишларидан раҳбарият доимий хабардор эканлигини эътироф этдилар. Белгиланган прогноз кўрсаткичларни кейинги чоракларда ўз муддатларида тўлиқ бажариш, суғориш мавсумини муваффақиятли якунлаш, ҳамма йўналишларда сувчиларнинг юзи ёруғ бўлиши учун астойдил меҳнат қилишга ваъда бердилар.
Тизимдаги барча раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Ҳукумат топшириқлари, жорий йилга белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва вазифаларнинг ижроси таъминланмаса ҳайъатнинг
9 ойлик якунлари бўйича йиғилиши танқидий руҳда ўтказилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бир сўз билан айтганда, кечаги йиғилиш сув хўжалигининг ходимларини янгиликлар, ўзгаришлар қилишга, соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга ундайдиган, уларни касбидан, меҳнатидан ғурурланиб, эл-юрт хизматига, савоб ишларга чорлайдиган ўзига хос анжуман бўлди, десак асло муболаға эмас.
Шуҳрат Суюнов,
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби