Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган натижалар, мавжуд муаммолар, истиқболдаги режаларни ўрганишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва вилоят ташкилотлари, илмий муассаса мутахассислари, туман ҳокимлари, кластер корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда замонавий инновацион, ресурстежамкор лойиҳаларни жорий этиш, фан ва технология янгиликлари ва амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, уруғчиликни ривожлантириш, янги ерларни ўзлаштириш, ирригация ва мелиорация иншоотларини қуриш каби аграр соҳанинг истиқболига хизмат қиладиган кўплаб масалалар муҳокама этилди.
Иштирокчилар “Бухоро Агрокластер” МЧЖ мисолида экин ерларини масофадан туриб бошқариш имконини берадиган онлайн платформа тизими, “Latiko” бренди остида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқараётган замонавий корхона ҳамда тупроқ таркибини ўрганиш мақсадида ташкил этилган лобаратория фаолияти, “Мергантекс” пахта тўқимачилик кластерида чигитни плёнка остига экиш ва томчилатиб суғориш тажрибаси ҳамда эришилган натижалар билан билан танишдилар.
“Мергантекс” пахтачилик кластери жорий йилда Олот туманининг 163 та фермер хўжаликлари билан шартнома тузган бўлиб, 7000 гектар майдонга чигит экилган. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, деҳқонлар плёнка остига уруғ қадаб, уни бир вақтнинг ўзида томчилатиб суғоришга ҳам мослаштирдилар.
Бугун Бухоро иқлим шароитида сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Эндиги фермернинг мақсади кўп даромад олиш экан, демак кластерлар ҳам шунга яраша шарт-шароитларни яратиб беришмоқда. Германия ва Хитойдан олиб келинган замонавий технологиялар ёрдамида Қоракўл туманида томчилатиб суғориш технологиялари маҳаллий шароитда ишлаб чиқариляпти. Янгича ёндашув маҳсулот таннархининг пасайишига, сифат кўрсаткичлари яхшиланишига, энг асосийси ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, сифатли қувур ва агрегатларни ишлаб чиқаришга имкон бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқиб, юртимизда мавжуд сув заҳираларининг бугунги ҳолати, кутилаётган муаммолар, сув тизимида мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, жумладан, экинларни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш.Ғаниев иштирок этди.
Ҳамро Акиев,
Аму Бухоро ИТҲБ матбуот котиби