Иқлим ўзгаришининг экологик ва ижтимоий оқибатлари кейинги йилларда айрим минтақаларда тўфон, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик, тошқинлар, ҳароратнинг кескин исиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада кўпайиши орқали намоён бўлмоқда. Баъзи давлатларда иқлим ўзгариши таъсирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигининг пасайиб кетиши эса бевосита озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бу ўз ўрнида соҳа мутахассисларидан иқлим барқарорлигини таъминлаш бўйича стратегик чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо қиляпти.
Бугун Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида “Гендер ва иқлим ўзгариши” мавзусида семинар-ўқув тренинг бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотларида фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳамда фаол фермер аёллар иштирок этди.
Тадбирда Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги экинларига ҳамда аёллар ҳаётига таъсири билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Иқлим ўзгариши шароитида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш, сув хўжалиги соҳасида аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш, ҳамда сув соҳасида гендер тенглиги масаласини қўллаб-қувватлаш ҳақида маърузалар тингланди.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот хизмати