Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сув, транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Жумладан, икки давлат ўртасида трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ҳамда чегара ҳудудларда жойлашган сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилишда бир-бирига кўмаклашиш масалаларида яқин қўшничилик тамойиллари асосида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
2022 йил 3 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимга асосан Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Қўшма комиссияси тузилган.
Жорий йилнинг 10 март куни Андижон (Кампиробод) сув омбори ҳудудида Қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Д.Ходжиахмедов ҳамда Қирғиз Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Сув ресурслари хизмати директори ўринбосари А.Джайлообаев бошчилигидаги делегациялар кун тартибидаги масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Дўстона ва ишчан руҳда ўтган дастлабки йиғилишда 2023 йил вегетация мавсумида Андижон сув омбори сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва давлатлараро каналлар бўйича сув олиш лимитлари ҳамда уларнинг эксплуатацияси масалалари келишиб олинди.
Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати