2023 йилнинг 11 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув ресурслари хизмати ўртасидаги қўшма сув хўжалиги комиссиясининг иккинчи йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев меҳмонларни гўзал фаслда янада чирой очаётган диёримизга ташриф билан қутлар экан, икки давлат раҳбарларининг ўзаро самимий ва дўстона муносабатлари сув хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга кенг йўл очаётганлигини таъкидлади.
Сув ўзбек ва қирғиз халқларини бирлаштирувчи омиллардан биридир. Аждодларимиз асрлар давомида сувдан биргаликда фойдаланиб, ризқ-рўз яратиб, тотувликда яшаб келган. Ва икки халқ сувчилари ҳам азалдан бир-бирларини ҳурмат қилиб, биргаликда меҳнат қилишган.
Учрашувда Қирғиз Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув ресурслари хизмати директори А.Сокеев самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Дўст ва қардош ўзбек ва қирғиз халқларини ҳеч ким ажрата олмаслигини таъкидлади. Сувчилар турли халқлар ичида яшовчи ягона миллат эканлигини, улар ҳамиша халқларни бирлаштирувчи куч бўлиб келганлигини эътироф этди.
Томонлар давлатлараро манбалардан сув олиш режа-графиклари, “Андижон” ва “Косонсой” сув омборларидаги сув ресурсларини биргаликда бошқариш, шунингдек, сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ҳамда йирик гидротехника иншоотларини реконструкция қилишга халқаро грант маблағларини жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида баённома имзоланди.
Ахборот хизмати