Вегетация даврида сувнинг ҳисобини аниқ юритиш, адолатли тақсимлаш кўп жиҳатдан гидрометрларга боғлиқ. Шу боис, вазирлик тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ушбу йўналишдаги мутахассислар учун мунтазам ўқишлар, семинарлар ташкил этиб келинмоқда.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида жорий йил 10 апрелдан 14 июлгача “Дала шароитида замонавий сув ўлчаш асбобларидан фойдаланиш” мавзуида беш кунлик тренинглар ўтказилмоқда. Ушбу семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳамма вилоятларда беш кундан ўтказилади ва 336 нафар гидрометрни қамраб олади.
Шу кунларда гидрометрлар учун семинар Самарқанд вилоятида бўлиб ўтаяпти. Унда вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотларининг гидрометрлари қатнашмоқда. Машғулотлар назарий ва амалий тарзда ташкил этилган бўлиб, иштирокчилар замонавий “MGG/KL-DSV” русумли кўчма электромагнит тезлик ўлчагич воситаси (вертушка)ни ишлатиш бўйича ҳам тажриба орттиришади.
Ахборот хизмати