Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан “Сурхон-Шеробод” ирригация тизими бошқармасига тасарруфидаги РОША гидроучасткасида ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга доир семинар ўтказилди.
Семинар ўтказиш учун айнан шу участка танлангани бежиз эмас. Чунки бу ерда айни пайтда ирригация тизими бошқармаси ёрдамчи хўжаликларида 60 бош ўрдак, 25 бош ғоз, 55 бош қуён боқилмоқда ва бир гектар майдонда суъний ҳовуз ташкил қилиниб, балиқ чавақлари ташланган. Семинар иштирокчиларига ёрдамчи хўжаликлардаги ибратли ишлар намойиш қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБнинг ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш бўйича мутахассиси Элдор Иброҳимов маърузасида Шеробод тумани ирригация бўлимида ҳам ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш имконияти етарли бўлсада, жамоа аъзолари канал ва бошқа суғориш тармоқлари атрофидаги бўш жойларга қишлоқ хўжалиги экинлари кўпроқ экилмаганлиги, ирригатор ва миробларни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолати қониқарли эмаслиги, қорамол, қўй ва эчки боқишга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги таъкидланди.
Семинарда “Сурхон-Шеробод” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Шайдулло Раҳмонов, Шеробод тумани ирригация бўлими бошлиғи Холмурод Сафаровлар билдирилган камчиликларни тўғри қабул қилиб, бундан кейин қорамол, қўй ва эчки ҳамда парранда боқишни йўлга қўйиш бўйича ишлаб чиқилган режалари ҳақида гапиришди.
Семинарда ишчи-хизматчилар томонидан иш ҳақи кам, деб ўтирган билан ҳеч ким ёрдам бермаслиги, бор имкониятлардан фойдаланиб ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш ҳисобига мироблар, канал бошлиқлари, сувчиларни ижтимоий имконияти юқорилиги айтилиб, соҳани ривожлантириш чоралари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати