Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Республика бюджети ҳамда вилоятлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 2023 йилда мелиорация объектларида амалга ошириладиган тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги йиғилиш баёнида назарда тутилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция жамоаси кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Топшириқларни уддалаш ҳамда назоратни кучайтириш мақсадида ҳар ҳафта чоршанба куни барча мелиораторлар бир туманда тўпланиб, бир ҳафта орасида қилинган ишларни таҳлил қилишаяпти, эришилган ютуқлар эътироф этилиб, хато-камчиликларни тузатиш учун кўрилаётган чоралар муҳокама этилаётир.
Мелиоратив экспедиция томонидан уюштирилган навбатдаги кўргазмали семинар Қизириқ туманида бўлди. Барча бўлим бошлиқлари, жойлардаги мелиоратив участкалар раҳбарлари ҳамда мутахассислар аввало тумандаги К-1, К-2, К-6 коллекторларида амалга оширилаётган тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари билан таништирилди ва бажарилаётган ишлар жараёнида пудратчи корхона қурувчилари томонидан йўл қўйилган хато-камчиликлар кўрсатилди. Амалдаги йилда Қизириқ туманида дастурга кўра, 321,1 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини тизимли таъмирлаш режалаштирилган. Тендер савдолари кечикиб ўтказилгани учун коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш июль ойида бошланган. Йил якунланишига қисқа вақт қолаяпти, пудратчи ташкилот – «Фахриддин» МЧЖ бунёдкорлари томонидан иш суст ташкил қилинаётгани сабаблари таҳлил қилинди. Айни дамда мелиорация объектларида қурувчиларнинг 6 дона экскаватори ишлатилаётир, бу техникалар ёрдамида 164,5 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланган. Қизириқ тумани мелиоратив участкаси мутахассислари бажарилаётган таъмирлаш-тиклаш ишларини тўлиқ назорат қилмаётганликлари туфайли коллекторларнинг айрим нуқталарида баъзи хатоликларга йўл қўйилгани танқид қилинди. Мелиоратив участка мутахассислари зиммасига объектларда иш ниҳоясига етказилгунича кечаю кундуз қурувчилар билан бирга бўлиш, иш сифатини назорат қилиб бориш ҳамда МЧЖ раҳбарлари билан алоқани кучайтириб экскаваторлар сонини кўпайтиришга эришиш ва ишни икки сменада ташкил этиш топшириғи берилди.
Кўргазмали семинар жараёнида бўлим бошлиқлари ва мутахассисларга таъмирлаш-тиклашда юзага келаётган хатолар бошқа туманлар коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлашда ҳам рўй бераётгани, туманларга борганда қурувчиларнинг иш сифатини назорат қилиш, хато-камчиликларни бартараф этишга оид тавсия бериш топшириғи берилди.
Семинарда вилоят миқёсидаги 139 та мелиоратив объектлар фойдаланишидаги сув фонди ер майдонларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ишлар таҳлил қилиниб, шу ишга масъул этиб бириктирилган мутахассислардан нега ўзгариш қилинмаётгани ва иш тўхтаб қолгани сабаблари сўралиб, режалари ҳақида ҳисоб бериш талаб қилинди. Далилларга кўра, бугунгача 40 та мелиоратив объектлар фойдаланишидаги сув фонди ер майдонлари давлат рўйхатига олинган, қолган 99 та объект бўйича иш тўхтаб турибди. Молия-хўжалик бўлимлари мутахассисларига ҳар хил важларни рўкач қилавермай, шу масалани зудлик билан ҳал қилиш учун маҳаллий бюджет маблағларини мақсадли ишлатиш топшириғи берилди. Шунингдек, семинарда қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топшириш режасини ой охиригача бажариш юзасидан вазифалар белгиланди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати