Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилояти сув хўжалиги тизимида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада белгилаб олинган прогноз режага биноан жорий йилда Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар биноларига 16 дона қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган эди. Бугунгача ушбу режа қарийб 80 фоизга бажариб қўйилди.
Қуввати энг йирик қуёш фотоэлектр қурилмалари Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ биноси (22 кВт) ҳамда Жиззах вилояти сув омборлари ва йирик гидротехника иншоотларидан фойдаланиш бошқармаси (20 кВт) биноларига ўрнатилди. Шунингдек, Мелиоратив экспедиция, Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси, Насос станциялари энергетика бошқармаси жамоалари ҳам ўз қароргоҳлари томларига ўрнатилган инновацион энергия тежамкор қурилмалар ишлаб чиқараётган электр қувватидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.
Диққатга сазовор яна бир томони, бу борадаги ишларга нафақат йирик ташкилотлар, балки, чекка ҳудудларда жойлашган ирригация тизимлари бошқармалари ҳамда туман ирригация бўлимларида ҳам катта эътибор қаратилди. “Учтом”, “Зомин” ва “Туятортар-Қли” ИТБлар, Бахмал, Зомин ва Зафаробод туманлари ирригация бўлимларида қуёш панеллари ишлаб турибди.
– Бугунгача тизимимиз бўйича умумий нархи 1 миллиард 713 миллион сўмга тенг бўлган қуёш батареялари ўрнатилди, – дейди Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ Ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш бўлими бош мутахассиси Адҳамбек Ўролов. – Ушбу қурилмалар ёрдамида жами 128,5 киловатт арзон ва экологик тоза энергия ишлаб чиқариляпти. Илк ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қурилмаларни ўрнатиш ва улардан унумли фойдаланиш эвазига шу йилнинг ўзда 400 минг киловаттдан ортиқ электр энергияси тежалади. Бу кўрсаткич йил сайин ўсиб бораверади.
Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси жамоаси биринчилардан бўлиб муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтди. Бошқарма маъмурий биноси томига 19,5 кВт, Марказий чапқирғоқ каналидаги сувчилар уйига эса, 5 кВт қувватга эга қурилмалар ўрнатилди. Қисқа вақтнинг ўзида бу ишнинг самараси кўзга ташланди: авваллари бошқарма эҳтиёжлари учун бир ойда ўртача 2 500 кВт электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, қуёш панелларини ўрнатилгандан кейин унинг 1000 кВт. ни тежашга эришилди. Яна бир фойдали томони – қуёш батареялари ёрдамида ишлаб чиқарилган энергия ҳудудий электр таъминоти корхонасига қайта сотилиб, қўшимча даромад олинди.
Насос станциялари ва энергетика бошқармасида эса, яна бир инновацион муқобил энергия манбасиги эътибор қаратилди. Бошқарма бош офиси томига салкам 16 миллион сўм сарфланиб, 200 литр сиғимга эга қуёш сув иситгич қурилмаси ўрнатилди.
– Ҳисоб-китобларга кўра, муқаддам идорамизни бир йилда иссиқ сув билан таъминлашга ўртача 2–3 миллион сўм маблағ сафрланган, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Зафар Суюнов. – Қуёш сув иситгичи ўрнатилгандан кейин ортда қолган қисқа вақт ичида атиги 300 минг сўм ишлатилди. Ҳозир беминнат иссиқ сувимиз бисёр, янги қурилманинг афзаллиги яққол кўзга ташланмоқда
Қуёш она сайёрамизнинг асосий энергия манбаи ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, Ерга ҳар йили тахминан 173 миллион гегаватт қуёш энергияси келиб тушаркан, Бу эса, бугунги кунда бутун жаҳон бўйлаб сарфланаётган энергиянинг умумий ҳажмидан ҳам 10 минг баравар кўпроқ деганидир.
Ана шу далил ва рақамларнинг ўзиёқ, мамлакатимизда муқобил энергияга ўтиш борасидаги ишларнинг қизғин давом этишини тасдиқлайди. Шу жумладан, Жиззах вилояти сув хўжалиги тизими вакилларининг ҳам бу йўналишда ўзларига хос режа ва лойиҳалари бор. Улар 2024 йилнинг ўзида умумий қуввати 150 минг киловатт бўлган 1 миллиард 599 миллион сўмлик қуёш панелларини ўрнатишни кўзлаб туришибди...
Х.КАРИМОВ,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби