Дунё ўзгараяпти.
Сиёсий қарашлар, инсонларнинг турмуш тарзидаги эврилишлар балки замонга ҳамоҳангдир, лекин табиат ва иқлим ҳам ўзгараяпти.
Жаҳоннинг қайсидир минтақасида ёмғир кўп ёғиши офатлар олиб келаётган бўлса, қайсидир давлатлар аҳолиси қурғоқчиликдан азият чекмоқда.
Мисол учун, куни кеча интернетда ўқидим, Ҳиндистон шимолида узлуксиз ёққан ёмғир сел ва кўчкиларга сабаб бўлган, Шимла шаҳрида ўнлаб уйлар босиб қолган, қурбонлар бор.
Италия шимоли-ғарбидаги Бардонеккья шаҳрида кучли ёмғир туфайли тошқин ва кўчки содир бўлган.
Август ойининг бошида Австрия жанубида ва Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида кучли ёмғирлар натижасида кўчалар сувга тўлиб, аҳоли учун ноқулайликлар юзага келган эди.
Бошқа бир томондан айрим ҳудудларда қурғоқчилик хавф солмоқда. “El País” нашрининг маълум қилишича, Испанияда 8,5 миллион аҳоли қурғоқчилик туфайли сув танқислигига дучор бўлган. Ҳукумат сувга қатор чекловларни жорий этишига тўғри келган. Каталонияда автомобилларни ювиш, боғларни суғориш таъқиқланган, сувнинг маиший истеъмолига чеклов ўрнатилган.
“The Wall Street journal” нашридаги мақолада айтилишича, Европада канализациянинг оқава сувларидан ичимлик суви олиш бошланган. Илгари Испаниянинг Каталония минтақасида фойдаланиладиган сувнинг 95 фоизи сув омборлари ва ер ости сувларига тўғри келган. Ҳозир эса кундалик ҳаётда ишлатилаётган сувнинг 20 фоизини чучуклаштирилган денгиз сувлари ташкил этади. Яна 20 фоизи канализация сувларини тозалаш орқали олинаяпти. Экспертлар яқин келажакда бошқа давлатлар ҳам худди шундай сувлардан фойдаланишга ўтишини башорат қилишмоқда.
Бу йил Таиландда ёғингарчилик 28 фоизга кам бўлгани шоли ва шакарқамиш етиштиришга салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабли, сувни тежаш учун ҳукумат фермерларга ушбу экинлардан биттасини экиш бўйича мурожаат билан чиқди.
Грецияда ҳам зайтун етиштирувчилар қурғоқчиликдан катта зиён кўрмоқда.
Бу мисолларни келтиришдан муддао сув кўп бўлса ҳам офатларни юзага келтиришини, кам бўлса қийинчиликларга дучор қилишини эсга олишдир.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили барқарор ҳосил олиб келинаяпти, ҳудудларда ичимлик суви таъминоти йилдан йилга яхшиланиб бораяпти. Тўғри, глобал исиш натижасида асрий музликларнинг эриши ва иқлим ўзгариши туфайли республикамизнинг асосий сув манбалари ҳисобланган Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув ресурслари сўнгги 25-30 йилда ўртача 15-20 фоизга камайган.
Бу ҳақда кўп бонг урилаяпти. Лекин, сувга муносабатимиз ҳалиям ўзгармаяпти. Шаҳарда майсаларни суғоришга очилган сувлар асфальтга беҳуда оқиб, катта кўлмакларни ҳосил қилса ҳам, ёнидан бир амаллаб ўтамизу, ўзимизни кўрмаганга оламиз, суғоришга эҳтиёжимиз бўлмаган пайтларда ҳам уйимиз олдидаги ариқдан кечаю-кундуз сув оқиб туришини истаймиз, оддийгина қўл ювиш учун жўмракни охиригача очиб, босим билан келаётган сувнинг 5-6 литрини беҳуда ишлатиб юборамиз.
Олдимиздан оқаётган сувнинг қадрига етаяпмизми, деган саволни ҳеч ўзимизга бериб кўрмаймиз.
Дунё ўзгараяпти, иқлим ўзгараяпти, биз ҳам сувга бўлган муносабатимизни ўзгартирадиган давр келди. Энг улуғ неъмат – сувни қадрлайлик, беҳуда исроф бўлишига йўл қўймайлик. Ўзгаришни, ўзгартиришни бугундан, ўзимиздан бошлайлик.
Шуҳрат Суюнов,
журналист