Айни кунларда Қашқадарё вилоятида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Бугун Аму-Қашқадарё ИТҲБ масъул бўлим бошлиқлари ҳамда «Қашқадарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси ҳамкорлигида қурилиш объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, «Яккабоғ» гидроузели 1 ва 2-сув ташлама иншоотларини ҳамда дарё қирғоқларини сел-тошқин сувларидан ҳимоялаш ишлари кўздан кечирилди. Бу ерда айни пайтда бетон ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 8406,4 миллион сўмни ташкил этади. Бугунги кунда объектга 2 дона экскаватор, 1 дона автосамосвал, 1 дона бульдозер, 10 нафар ишчи-мутахассислар жалб этилган.
Асосий мақсад – гидроузелни сел сувларидан ҳимоя қилиш.
Ўрганиш ишлари Қамаши туманидаги “ Қиллисой” коллектори тизимидаги объектда давом этди.
Ушбу объектда лойиҳа бўйича очиқ 85,6 км, ёпиқ-ётиқ дренаж ювиш 2,4 км, 11 дона кузатув қудуқларини таъмирлаш ва лойиҳа параметрларига мос равишда «Diver» қурилмаларини ўрнатиш ишларини бажариш режалаштирилган.
Айни пайтда объектга 4 дона экскаватор, 1 дона бульдозер ва механизмлар жалб этилган.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатида 1096,0 млн. сўмлик иш ҳажмлари бажарилиб, 18,4 км коллекторда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангач 1900 гектар майдонларни мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Семинарда масъул мутасаддиларга объектдаги ишларни жадаллаштириш, белгиланган муддатларда сифатли қилиб фойдаланишга топшириш учун қўшимча механизмлар, ишчи кучларини жалб этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот хизмати