Хатирчи туманида сув ресурсларидан фойдаланиш, махсус хизматлар фаолияти, гидрометрия билан боғлиқ масалалар юзасидан амалий семинар ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари ва фермерлар иштирок этди.
Семинарда таъкидланганидек, Хатирчи туманида бугунги кунгача лимит бўйича 193 млн. м3/с сув етказилиб берилган бўлиб, жами 104327 гектар, жумладан, 30312 гектар ғўза майдонлари уч маротаба ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда аҳоли томорқалари суғорилган. Суғориш ишларида жами 1000 нафардан ортиқ сувчилар фаол иштирок этмоқда.
– Бугунги кунга қадар сув хўжалигининг махсус хизматлари томонидан сув истеъмолчиларига 4 миллиард 630 миллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 1 миллиард 395 миллион сўм маблағ туширилган, – дейди Қуйи Зарафшон ИТҲБ Сув хўжалигининг махсус хизмати бўлими мутахассиси Д.Исакова. – Шунинг учун жойлардаги махсус хизмат бўлимлари ходимлари сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китоб қилиб олишлари зарур.
Хатирчи тумани сув хўжалигининг махсус хизмати ҳисоб рақамига йил бошидан буён 297 млн. сўм (режага нисбатан 16 фоиз) маблағ туширилган. Кўрсатилган хизматлар учун сув истеъмолчиларидан маблағ туширишни ўз ҳолига ташлаб қўйилгани қаттиқ танқид қилиниб, Хатирчи туман ирригация бўлими бошлиғи Н. Мирзаевга огоҳлантириш берилди.
Ўқув-семинарида махсус хизматлар фаолиятини самарали йўлга қўйилишини таъминлаш ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, мавжуд сув ресурсларини самарали бошқариш, сув истеъмолчилари билан муносабатларни тартибга солиш ва сув ресурсларидан фойдаланиш маданиятини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати