Халқимиз орасида «Ноннинг ушоғи ҳам нон» ёки «Ернинг парчаси ҳам ер» деган пурмаъно иборалар бор. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда «Темирнинг парчаси ҳам темир» деган иборани луғатимизга киритсак, сира янгишмаган бўламиз. Сабаби, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари учун муҳим ашё саналадиган темир маҳсулотлари асосан хориж давлатларидан келтирилади. Бу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун мамлакатимизда табиий манба ҳалигача аниқланмаган. Мавжуд асосий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти эса жамғарилган темир парчаларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган.
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги бир қатор ташкилотларда ҳам ишлаб чиқариш жараёнларидан сўнг кўп миқдордагни темир парчалари тўпланиб қолади. Уларни ўз вақтида саранжомлаб, қабул қилиш масканларига топшириш орқали эса мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Жумладан, Аму-Бухоро ИТҲБ тасарруфидаги ташкилот ва корхоналар ҳисобидан жорий йилда 389 тонна темир парчаларини ихтисослашган қабул масканларига топшириш режалаштирилган бўлиб, амалда бу режа январь-август ойларида жами 257,9 тоннага бажарилган.
Аму-Бухоро ИТҲБ бошлиғи Эркин Файзиллаев раислигида ўтказилган семинарда қора ва рангли метал парчаларини жамғариш ва қабул масканларига топшириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Таъкидландики, бу борадаги ишлар «Аму-Коракўл» ИТБ, «Шоҳруд-Дўстлик» ИТБ, «Бухоросувхизмат» ДУК, Мелиоратив экспедиция каби ташкилотларда ортиғи билан бажарилгани ҳолда, Вобкент, Ромитан, Олот туманлари ирригация бўлимларида бу ишга панжа ортидан қаралаётгани кескин танқид остига олинди. Йиғилиш давомида темир парчаларини жамғариш ва топшириш бўйича мавжуд имкониятларни ишга солиш борасидаги саъй- ҳаракатларни жадаллаштириш бўйича тизим ташкилотлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати