Жорий йилнинг 17 август куни Сайҳунобод туманидаги “Шаҳзоджон Фозилович” фермер хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда мутасадди ташкилотларнинг масъуллари, соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари ва кластерлар вакиллари иштирок этди.
Ушбу хўжаликнинг 60 гектар пахта майдонида Туркия технологияси асосида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар ғўза майдонлари 3 маротаба суғорилди. Авваллари 20–25 центнер пахта етиштирилган далалардан, бу йил 40–45 центнер ҳосил олиниши мўлжалланмоқда.
Семинар иштирокчиларига сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, томчилатиб суғориш жорий қилинган пахтазорлар учун “Agro Subsidiya” портали орқали субсидия олиш тартиблари, ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, давлатимиз томонидан яратилган бошқа имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Санжар Тошпўлатов,
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот котиби