Қуйи Сирдарё ИТҲБ тизим ташкилотларида гидрометрия хизматини ташкил этиш бўйича Сайҳунобод туманидаги П-12-4 каналида кўргазмали семинар ўтказилди.
Иштирокчиларга янги сув ўлчаш асбоблари орқали сувни ўлчаш, ҳисоб-китобини юритиш ва улар орқали сув ўлчаш усуллари тўғрисида тушунчалар берилди.
Таъкидландики, вилоят бўйича шу кунгача барча манбалар орқали 1430 млн. м3 сув етказиб берилиб, 823 минг гектардан зиёд майдонда суғориш ишлари амалга оширилган. Сув хўжалигининг махсус хизматлар томонидан жорий йилнинг бошидан 4 млрд. 969 млн. сўмлик хизматлар кўрсатилиб, сув истеъмолчиларидан жами 1 млрд. 980 млн. сўм (40 фоиз) маблағ туширилган. Жумладан, Мирзаобод туманида 24, Сардобада ва Сайҳунободда 29 фоиз маблағ ундирилган, холос. Бу борада сусткашликка йўл қўйган туман раҳбарлари огоҳлантирилди.
Жорий йилда вилоят бўйича 22 та вертушка сотиб олиш, 44 та вертушкаларни тарировка қилиш, 256 та рейка ва 35 дона штанга олиш режалаштирилган бўлиб, амалда ушбу ишлар қониқарсиз ташкил этилган. Боёвут, Гулистон, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида вертушкаларни тарировка қилиш ва қиёслаш ускуналарини сотиб олиш масаласи ҳамон оқсамоқда.
Сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилиш бўйича бугунги кунгача 2494 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимини қурилиш ишлари бошланган, 1656 гектар майдонда қурилиш тўлиқ якунланди. Боғ-токзорларга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш бўйича 467 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланиб, 452 га қурилиши якунланди. Оқолтин, Сардоба ва Сайҳунобод туманларида ушбу тизимни жорий қилишга ҳалигача киришилмаган.
Дискрет суғориш технологиясини 1500 гектар майдонда жорий этиш режалаштирилган бўлиб, амалда 700 гектар майдонда ишга туширилган.
Семинар қатнашчилари томонидан бажарилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.
Санжар Тошпўлатов,
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот котиби