Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Қамаши тумани ирригация бўлимида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, махсус хизмат фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш муҳокамасига қаратилган семинар бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Қамаши туманида сув хўжалигининг махсус хизмати ҳисоб рақамига йил бошидан буён 360 миллион 900 минг сўм (режага нисбатан 47 фоиз) маблағ туширилган.
Семинарда кўрсатилган хизматлар учун сув истеъмолчилари билан тузилган далолатномалар ҳамда олди-берди дафтарлари юритилишида камчиликлар борлиги муҳокама қилиниб, ишларни жадаллаштириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, семинар қатнашчилари “Мирзадала Норбой” фермер хўжалигининг томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган пахта майдонларини кўздан кечирдилар. Айни пайтда фермер хўжалигининг 32 гектар майдонида томчилатиш орқали парваришланаётган ғўзаси баравж ривожланган бўлиб, мўл ҳосилдан нишона бериб турибди.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот хизмати