Жорий йилнинг 17 август куни Денов тумани ирригация бўлимида махсус хизмат, сув тежовчи технологиялар ҳамда гидрометрияга доир семинар ўтказилди. Унда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, соҳа мутахассислари, кластер ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда ирригаторлар ва миробларга сўз берилиб, нима сабабдан истеъмолчилар томонидан кўрсатилган хизмт ҳақларини ундиришда камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ҳисоботи сўралди. Денов туманида бошқа туманларга нисбатан ер майдони кенг. Демак, сувга бўлган эҳтиёж ҳам, истеъмолчи ҳам кўп. Бироқ негадир истеъмолчилар томонидан туман ирригация бўлими қошида фаолият кўрсатаётган махсус хизмат шўъбаси хазинасига маблағ тушириш оқсамоқда. Истеъмолчилар даласига бир кун сув етиб бормаса, ирригаторлар ва мироблар билан жанжаллашишгача боришади. Бироқ “Хизмати ёқади, пули чақади”, деганларидек, сув етказиб бераётган ва суғориш тармоқларини мудом тозалигини таъминлаб, истеъмолчилар даласига обиҳаётни ўз вақтида кириб боришига меҳнати сингаётган махсус хизмат мутахассислари ойма-ой маош олишлари учун маблағ ўтказиб беришда ҳар хил важларни рўкач қилиб, маблағ туширишни орқага судрашмоқда. Семинарда айнан шу масала чуқур таҳлил қилиниб, истеъмолчилар ва мутахассислардан кўрсатилган хизмат ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш талаби қўйилди.
Деновлик уста деҳқонлар қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотларга биринчи бўлиб қўл уришарди. Бироқ сувни тежаш, даромадларига ҳар томонлама ижобий таъсир ўтказадиган сув тежовчи технологияларни пахтазорларига, боғ-роғларга, ғаллазорларга ҳамда сабзавот майдонларига жорий этишда негадир оқсашаяпти. Жорий йилда Деновлик пахтакорлар 1169 гектар майдонларига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатамиз, деб ваъда беришганди. Афсуски улар сўзлари устидан чиқишмаяпти. Бор-йўғи 132 гектар пахтазорда томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилгани юқоридаги фикрларимизга далилдир. Мевали боғлар ва токзорларда ҳам ёмғирлатиб суғориш усулидан фойдаланилмади. Семинарда мутасаддилардан шу масалада ҳисоб сўралди. Келгуси йил Денов туманида 4 минг гектар пахтазорда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш белгиланган. Бу ишга ҳозирдан киришиш, пудратчилар билан шартнома тузиб, молиявий масалаларни ҳал қилишга киришиш лозимлиги мутасаддиларга уқтирилди.
Семинарда лимит бўйича ажратилган сувдан самарали фойдаланишда Денов тумани деҳқонлари хато-камчиликларга йўл қўяётганлигига танқидий баҳо берилди. Ҳар гектар пахтазор учун ажратилаётган обиҳаётдан самарали фойдаланилмаётганлиги ёки бир қисми зовурларга беҳуда оқизилгани учун дала охиригача етмай қолаяпти. Натижада истеъмолчилар лимитдан ортиқча сув талаб қилишмоқда. Семинарда бу ҳолатга чек қўйиш, далаларни эгат ташлаб суғориш ва кўллатмаслик чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.
Истеъмолчилар билан таъминотчилар ўртасида юзага келаётган тушунмовчиликларга аниқлик киритишда сув ҳисобини ўлчаш асбобларининг аҳамияти катта. Ўтган йили вилоятдаги бошқа туманлар ирригация бўлимлари қатори Денов тумани ирригация бўлимига ҳам Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг ажратган грантига асосан замонавий сув ўлчаш асбоблари, яъни вертушка берилганди. Гидрометрия мутахассислари томонидан сувчилар, мироблар ва канал бошлиқларига сув ҳажмини ўлчашда замонавий ва магнитли вертушкадан қандай фойдаланиш тартиблари тушунтирилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати