Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Урганч туманидаги “Суҳроббек Шоҳиста” фермер хўжалигининг 10 гектар ғалла даласи мисолида сувни тежайдиган технологияларни қўллаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди. Семинарда 1 нафар кластер, 21 нафар фермер хўжалиги раҳбарлари, 3 нафар сув тежовчи технологиялар бўйича мутахассислар иштирок этиб, ушбу тизимга ўтишдаги ютуқ ва имкониятлар ҳамда мавжуд муаммолар ечимига қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди ва савол-жавоб тарзида тегишли масалалар тушунтирилди.
– Вилоятимизда жорий йилда 43479 гектар майдонга сув тежамкор технология қўллаш режалаштирилган бўлса, шундан ҳозирги кунга қадар 40152 гектарига амалда жорий этилган, – дейди Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ Сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий этиш бўлим бошлиғи Э.Нурметов. – Бу каби семинарлар истеъмолчиларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича меъёрий ҳужжатлар ва янгиликлар, суғоришда тежамкор технологиялардан фойдаланишнинг афзалликлари ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари тўғрисида маълумотлар бериш, уларнинг билим ва тушунчаларини кенгайтиришда катта хизмат қилади,
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати