Жорий йилда ирригация-мелиорация тадбирларини беками-кўст ўтказиш, объектларда техникалар билан бажариладиган ишларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш, шунингдек, қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини йиғиб топшириш бўйича Жарқўрғон туманида жойлашган Аму-Сурхон ИТҲБнинг 2-автосаройида кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда объектларда техникалардан унумли ва самарали фойдаланиш, ўз вактида ишларни тугатишда техникаларни созлигини таъминлаш, шунингдек, ташкилотларнинг қора ва рангли металл топшириш бўйича январ-август ойларининг режасини тўлиқ бажарилиши бўйича бўлим бошлиғи А.Маматқулов маъруза қилди. Айни дамда объектларда амалга оширилаётган юмушларда 18 дона ҳар хил турдаги экскаватор, 5 дона бульдозер ҳамда 22 дона ҳар хил турдаги техникалар жалб қилинган. Иш жараёнида техникаларнинг тўхтаб қолиш ҳолатларига қатъий чек қўйиш, сервис хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, механизаторларнинг ойлик маошларини ўз вақтида олишларини таъминлаб, техникалар тўхтаб қолмаслигига эришиш чораларини излаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Баъзи участкаларда техника ишлари паст кўрсаткичда бўлаётганлиги танқидий таҳлил қилинди, ҳар бир участка бошлиқларининг ҳисоботи эшитилди. Ҳавза бошқармаси ривожлантириш жамғармасига кўпроқ маблағ тушириш, шу асосда ишчи-хизматчиларни рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоялаш, техникаларга ёнилғи-мойлаш материаллари ҳамда янги эҳтиёт қисмлар харид қилинишида қўшимча даромад топишнинг асосий манбаларидан бири бу – қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини йиғиб топшириш ҳисобланади. Семинарда барча тизим ташкилотларида қора ва рангли металл парчаларини топшириш режасининг бажарилишига алоҳида аҳамият берилиб, бу борадаги қониқарсиз аҳвол таҳлил қилиниб, режани зудлик билан бажариш зарурлиги таькидланди. Ҳавза бошқармаси автотранспорт ва механизмлардан фойдаланиш бўлими бошлиғи А.Маматқулов ҳисоботида жорий йилнинг январь-август ойлари режаси 103 фоизга бажарилган бўлсада, баъзи бир ташкилотлар, жумладан, “Сурхондарёсувқурилишинвест” давлат муассасаси жамоси ҳозиргача режани бажармаётганлиги айтиб ўтилди ва 5 кун муддатда топшириқ бажарилмаса, масъулларга интизомий тартибда чора кўрилиши бўйича огоҳлантирилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати