Халқимиз нонни увоғини ҳам нон деб билиб, уни исроф қилишга йўл қўймайди. Бу қадриятга айланган. Бугун сувга ҳам ана шундай талаб қўйилиши керак. Чунки сувнинг ҳам уволи бор. Давлатимиз томонидан сувдан самарали фойдаланиш бўйича қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Мазкур қарорда бир қатор муҳим вазифалар белгилаб қўйилган.
Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Бўка тумани ирригация бўлимида ўтказилган ўқув-амалий семинарида бу ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Тадбирда гидрометрлар, сув хўжалигининг махсус хизмати бўлими мутахассислари иштирок этди.
– Сувни бошқариш ва унинг ҳисобини юритишда махсус хизматнинг ташкил этилиши сув хўжалиги тизимида муҳим ўрин тутади, – деди тажрибали мутахассис Туроб Қаюмов. – Бир сўз билан айтганда, махсус хизмат – сувнинг эгаси. Агар бу тўғри йўлга қўйилса, сув ҳам исроф бўлмайди, ҳам тежаб қолинади.
Семинар иштирокчиларига сув танқислиги шароитида амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар ҳамда етказиб берилаётган сувнинг аниқ ҳисобини юритиш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Семинар давомида сув ўлчаш қурилмаларини йиғиш, ишлаш тартиби бўйича амалий машғулот ўтказилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати