Бугунги кунда Ўрта Чирчиқ туманида 500 гектардан зиёд майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Туманда инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада етарлича тажрибага эга бўлган корхона ва фермерлар ҳам бор. Шулардан бири “Салон УЗ” маъсулияти чекланган жамиятидир.
Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган амалий семинар ушбу корхона фаолиятига бағишланди. Унда мутасадди ташкилотлар масъуллари, соҳа мутахассислари кластер ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
– Бугун сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишда инновацион технологияларнинг аҳамияти анча юқори экан, – деди корхона раҳбари Мурод Каримов. – Буни мен ўз тажрибамда синадим. Экин майдонларини томчилатиб суғориш орқали ҳам сув тежаб қолинди, ҳам бошқа ресурслар иқтисод қилинди. Энг муҳими, томчилатиб суғориш орқали юқори ҳосил олиш мумкинлигини амалда кўрдим.
Амалий семинарда тадбиркор сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, керакли маслаҳатлар берди.
Таъкидлаш керакки, ҳар қандай янгилик тажрибада синалади, унинг учун эса умид, ишонч ва ҳаракат керак. Айтишадику, умид ҳам худди осмондаги юлдузларга ўхшайди, агар астойдил тикилсангиз излаганингизни албатта топасиз.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати